Шайлообек Атазов Бош прокурор «Райим Миллион»га алоқадорликда айблади

Ҳозирда давлат аппарати ва парламентда Райимбек Матраимовга алоқадор кадрлар ишдан ҳайдалмоқда.

Жўқорғу Кенеш депутати Шайлообек Атазов Бош прокурор Қурманқул Зулушевнинг қидирувдаги собиқ божхоначи Раиймбек Матраимовга алоқадорликда айблади.

13 март куни парламентнинг навбатдаги йиғилишида чиққан депутатнинг сўзларига кўра, Қирғизистонда “Матраимовга алоқадор бўлмаган сиёсатчининг ўзи йўқ”.

“Охирги икки йил давомида мени Матраимов одами деб таъқиб қилиб юрган Бош прокурорни ўзини олайлик. Бош прокурор Зулушев, сиз [Матраимовнинг] яқин дўсти эдингиз, туғилган кунингизда таомланишни “Дўстим Райим келмагунча бошламанг” дер эдингиз, эсингиздами? Сиз уч йилдан бери Бош прокурор бўлиб ишлайсиз, агар у [Матраимов] йирик жиноятчи бўлса, буни нега ўша пайтдаёқ айтмагансиз? Нега уни яқинда муфтият биносини қуриб топширганида ҳибсга олмагансиз?”, деди Атазов.

Бош прокурор Атазовнинг баёнотига ҳозирча изоҳ бермади.

Матраимов қидирувга берилишидан аввал Атазов парламентда унинг ҳимоясига бир неча бор чиқишлар қилган. У Матраимовни қўллаб-қувватловчи намойишларда ҳам қатнашган. Депутатликка сайланишдан олдин Атазов Матраимовларга тегишли бўлган ЭРEМ спорт клубини бошқарган.

«Райим Миллионер» лақаби билан танилган Райимбек Матраимов Озодлик, Клооп ва Уюшган жиноятчилик ва коррупция тадқиқоти марказининг (OCCRP) қўшма ҳисоботида Хитойдан «кулранг импортни» назорат қилувчи асосий шахслардан бўлгани айтилган. У Қирғизистон божхоналарида коррупцион схемалари ташкил этишда айбланиб 2020 йил октябрь ойида қўлга олинган. Райим Матраимов буджетга бир қисми нақд, бир қисми мулк шаклида 2 миллиард сом зарарни қоплаб берган. Судда у ўз айбига иқрор бўлган ва 260 минг сом жаримага тортилган.

Раиймбек Матраимов кузда Туркияга, у ердан эса Дубайга чиқиб кетганлиги ҳақида хабар тарқаган эди. Kaktus.media маълум қилишича, у давлат бюджетига бир неча юз миллион сом қайтаришга ваъда берган, бироқ ваъдада турмасдан ғойиб бўлган.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев Қора-Судаги йиғилишда Райимбек Матраимовдан 80 млн долларлик мол-мулк мусодара қилинганини айтган эди. Ҳозирда давлат аппарати ва парламентда Райимбек Матраимовга алоқадор бўлган кадрлар ишдан ҳайдалмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ