Журналист Болот Темиров етакчилигида Temirov Live журналистлар гуруҳи “Эне-Балага Тирек” хайрия жамғармаси фаолиятига оид суриштирувни эълон қилди. Жамғармага Қирғизистон президентининг рафиқаси Ойгул Жапарова раҳбарлик қилади.
Журналистлар аниқлашича, 2022 йилда жамғарма бир неча манбалардан молиявий ёрдам олган. Энг катта миқдордаги маблағни Хитойнинг Қирғизистонлаги элчихонаси берган. Дипломатик ваколатхона жамғарма ҳисобига 9,1 миллиард сом (жорий курс бўйича 102 миллион доллардан кўпроқ) туширган. Бундан ташқари, «Ал-Сафа» маркази жамғармага 1,3 миллиард сом (тахминан 14,6 миллион доллар) миқдорида техник ва гуманитар ёрдам кўрсатди. Ва ниҳоят, Бишкекдаги хусусий клиника эгаси Чакмак Мемет томонидан 563 миллион сўм ёки 6,3 миллион доллар хайрия қилинган.
“Эне-Балага Тирек” жамғармаси суриштирувга муносабат билдирар экан, унда келитирилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган. Жамғармага кўра, Боткен вилоятида ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун Хитой элчихонасидан 9 миллиард сом эмас, балки 9 миллион сом миқдорида ёрдам кўрсатилган. Жамғарма буни тасдиқлайдиган барча маълумотларни журналистларга тақдим этишга тайёрлигини маълум қилган.
Болот Темиров мансабдорлар коррупцияси ҳақида қатор журналистик суриштирувлар чиқарган Youtube платформасидаги Temirov LIVE каналининг асосчиси ҳисобланади.
Аввалроқ Temirov Live жамоаси ҳамда OCCRP ва Kloop нашри Қирғизистон президентининг ўғли Рустам Жапаровнинг дўстлари таниқли хитойлик тадбиркор Хабибула Абдуқодирнинг йирик лойиҳаларида иштирок этаётганини аниқлаган.
Темиров шунингдек «Қирғизнефтегаз» ДУК томонидан ишлаб чиқарилган мазут экспортидаги шубҳали схемалар бўйича суриштирув эълон қилган. Бу схемаларга Қирғизистон давлат хавфсизлик хизмати Қамчибек Ташиевнинг қариндошлари алоқадор бўлиши мумкинлиги айтилган.