Қирғизистонда тоғли ҳудудларни барқарор ривожлантириш беш йиллиги эълон қилинди.
Президент Садир Жапаров “2023–2027 йилларда тоғли ҳудудларни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар дастури тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу чора-тадбирлар мамлакатда экологик, иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Президент матбуот хизмати хабар беришича, ушбу беш йиллик режани амалга ошириш бўйича президентнинг махсус вакили этиб Нурлан Айтмурзаев тайинланган.
Аввалроқ Қирғизистон ташаббуси билан БМТ 2022 йилни “Тоғли ҳудудларни барқарор ривожлантириш йили” деб эълон қилган эди.
Қирғизистоннинг ўзида 2022 йил Тоғ экотизимларини муҳофаза қилиш ва иқлим барқарорлиги йили деб эълон қилинган эди. Унинг доирасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, саноат, ўрмон хўжалиги ва экотуризм каби қатор соҳаларда экологик ва иқлимий лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган эди.
Ундан ҳам аввалроқ, 2021 йил ноябрь ойида ЮНEСКО Қирғизистон ташаббуси билан Швейцария, Россия, Ўзбекистон, Хитой, Испания, Корея, Италия, Беларус, Қозоғистон, Исландия, Буюк Британия ва Австрия ҳомийлик қилган “Тоғ музликларининг мониторинги ва тадқиқотини кенгайтириш” резолюциясини қабул қилган эди.