Қирғизистонда «Жунхай» бозоридаги савдогарлар намойишга чиқди

Бишкек чеккасида жойлашган «Жунхай» бозоридаги савдогарлар 4 сентябрь куни савдо-сотиқни тўхтатганини маълум қилди. Улар омборларини очишни талаб қилиб намойиш уюштирди.

Намойишчилардан бири Аиза Рисбекованинг маълум қилишича, солиқчилар бир ҳафта аввал ўнлаб омборларни муҳрлаб кетган.

“Омбордаги молнинг умумий қийматидан 10 фоиз солиқ тўлашимиз керак экан. Лекин биз учун бу катта харажат. 30 йилдан бери қора бозордан мол олиб келамиз. Қолаверса, биздан фақат қўшниларимиз Россия ва Қозоғистон харид қилади. Аввалгидек савдо йўқ ҳозир, биз 10% солиқ тўлай олмаймиз. Омборларимизни очишсин”, – дейди Аиза Рисбекова.

Айрим савдогарлар омборлари бир миллион сўмга яқин солиқ тўламагунча икки ой муҳрланиб ётганини айтган.

Намойишга чиққан савдогарлар солиқ хизматидан мутасаддиларни кўришни талаб қилмоқда. «Дордой» мажмуаси касаба уюшмаси раҳбари Дамира Дўлоталиева солиқчилар билан музокаралар олиб борилаётганини билдирган.

“Мол сақланаётган 800 та контейнер муҳрланди. Солиқчилар мол-мулк қаердан ва қандай нархда келганлигини кўрсатишни талаб қилмоқда. Аммо савдогарларимизда бундай ҳужжатлар йўқ”, — деди Дўлоталиева.

«Дордой» ва «Жунхай» бозори савдогарлари бундан аввал ҳам намойишга чиқиб турган. Улар патент тизимидан воз кечишни ҳамда солиқларни ошириравермасликни талаб қилган.

Сўнгги икки йил давомида Қирғизистонда маҳсулот ёки хизматларни сотувчи барча тадбиркорлардан назорат-касса аппаратларидан (НКА) фойдаланиш талаб қилинмоқда.Бу йилдан эса қоғоз шаклдаги эмас, балки электрон товар-транспорт юк хати ва ҳисоб-фактуралардан (ЭҲФ) фойдаланишлари шарт қилинган. Тадбиркорлар бу талабларга қарши Бишкекда ва вилоятларда, жумладан, Ўш шаҳрида норозилик намойишлари ўтказган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ