Ғарб уруш бошланганидан бери Украинага юз миллиард долларлик ҳарбий ёрдам берган

Украина 2022 йил февралининг охиридан то шу кунгача Ғарб давлатларидан юз миллиард долларга яқин ҳарбий ёрдам олди.

Бу ҳақда Украина мудофаа вазири Алексей Резников истеъфодан аввал «Укринформ» агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Вазир гап ҳарбий техника, қурол-яроғ ва ўқ-дори ҳақида кетаётганини айтган. Унга кўра, кўрсатилган умумий ҳарбий кўмакнинг 60 миллиард доллари АҚШ ҳиссасига тўғри келади.

Ғарб сиёсатчилари Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттириш зарурлигини таъкидламоқда. Киев Ғарбдан янги турдаги қуролларни, жумладан, қирувчи самолётлар ва ўрта масофа ракеталарини сўрамоқда. Айрим экспертлар Киев 2023 йил ёзги ҳужумларида сезиларли натижа кўрсатмаса, Ғарбнинг ҳарбий ёрдами камайиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, дея хабар берган эди “Америка Овози”.

Иттифоқчиларнинг Украинага ёрдами Россия армиясига йиллик харажатдан икки баравар кўп, Россияда ҳарбий бюджет тахминан 43,5 миллиард долларни ташкил этган. Уруш бошланганидан бери Москванинг армияга харажатлари рублда учдан бир қисмга ошган, деб ёзади Россия матбуоти. 2023 йилда Россия бюджетининг учдан бир қисми армия улушига тўғри келиши мумкин, Москва бюджет харажатларининг ҳақиқий ҳажмини яширган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ