“Ўш садоси” газетасининг бош муҳаррири алмашди

Газетага етти йил бош муҳаррирлик қилган Соҳиба Шокирова ўрнига Лутфулло Раҳмонов тайинланган.

“Ўш садоси” таҳририяти жойлашган бино масаласи бўйича раҳбарият билан икки йиллик тортишувлардан кейин, жорий йилнинг 14 январида мени ишдан бўшатишди”, дейди Соҳиба Шокирова биз билан суҳбатда.

“Ўш садоси” газетасининг янги бош муҳаррири Лутфулло Раҳмонов ҳам ўзининг бу лавозимга тайинланганини тасдиқлади.

Ўш вилояти ҳокимлиги нашри бўлган “Ўш садоси” газетаси Қирғизистондаги энг кекса газеталардан бири бўлиб, ўтган йили ўзининг 90 йиллик юбилейини нишонлаган. Бугунги кунда газета 1200 нусхада нашр этилади.

Аввалига “Коммунист” номи билан чиқа бошлаган газета, кейинчалик “Пахта учун”, “Қирғизистон ҳақиқати” (республика миқёсидаги газета сифатида Фрунзеда босиларди. – таҳр.) ва “Ленин йўли” номлари билан нашр этилган. Қирғизистон мустақилликка эришганидан кейин, 1992 йилнинг октябрида газета номи “Ўш садоси” деб ўзгартирилган. Шу кунгача нашр вилоят ва республикадаги сиёсий, маданий ва маърифий воқеаларни ёритиб келади.

Қирғизистон Маданият вазирлигининг 2019 йилда вилоятлардаги давлат газета ва телевидениелари фаолиятини оптималлаштириш бўйича олиб борган ислоҳотлари натижасида, “Ўш садоси” газетаси “Интимоқ” медиа маркази қарамоғига ўтказилган. Шундан сўнг ходимлар сони қисқариб, газета нусҳаси кескин озайган. Шунингдек таҳририят идораси ҳам хусусий корхоналарга ижарага бериб юборилган.

Собиқ бош муҳаррир Соҳиба Шокированинг сўзларига кўра, “Ўш садоси” газетаси 2022 йили “Интимоқ” медиа маркази қарамоғидан чиққан, бироқ тўла мустақил эмас.

“Яқин кунларда газетанинг юридик ҳужжатлари тайёр бўлади. Аввал таҳририятимиз жойлашган бинони ҳам қайтариб олишга ҳаракат қилаяпмиз. Газета ҳозир ҳафтасига 1100 нусҳада, рангли нашр этиляпти. Чунки “Интимоқ” қарамоғида тартибсиз ишлаганимиз ва тушунмовчиликлар сабаб, раҳбарият газетанинг фақат 1100 нусҳасига пул тўлаяпти”, — деган эди Шокирова ўтган йили биз билан суҳбатда.

Унинг айтишича, “Интимоқ” билан бирлаштирилгунга қадар газета 2700-3000 нусҳада нашр этилаётганди. Сайловлар даврида унинг кўлами 5000дан 25000 нусҳагача етаётган эди.

“… Ўзбек матбуотининг жамиятга кераги бор экан, чиқариляпти. Бу йил газетамизни яна 3000 нусҳада чиқаришни режалаштиряпмиз”, — дейди суҳбатдошимиз.

Соҳиба Шокирова “Ўш садоси” газетасига 2016 йили бош муҳаррир этиб тайинланган. У газетани ривожлантириш мақсадида қўшни Ўзбекистон ва Тожикистондаги ҳамкасблари ва ёзувчилар уюшмалари билан ҳам ҳамкорлик қилаётганини айтади. Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари матбуоти, Тошкентда чиқадиган “Ўзбекистон овози” газетаси, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журнали ва бошқалар билан ҳамкорлик ҳақида битимлар тузилган.

“Газетамизда илмий мақолалар, дарсликларнинг янгича талқини, ўзбек адабиётидаги янгиликларни бериб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Бу нарсалардан Қирғизистондаги ўзбеклар бохабар бўлишлари керак, деб ўйлайман”, деган газетанинг ўша пайтдаги бош муҳаррири Соҳиба Шокирова.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ