Қирғизистонда Миллий шифохона бош шифокори коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди

Қирғизистонда Миллий шифохонаси бош шифокори коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Миллий шифохона бош шифокори Тўхтабой Маанаевга нисбатан жиноий иш очди.

Бош шифокорнинг хатти-ҳаракатларида “аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига зарар етказувчи, уларнинг ҳуқуқларини чекловчи ва имтиёзли дори-дармонлар ва дори воситаларини олиш имкониятидан маҳрум қилувчи, оширилган нархларда давлат харидлари кўринишидаги коррупция унсурлари аниқланган.

Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан Миллий шифохона тиббиёт ходимларидан пул ундириш бўйича 20 дан ортиқ фактлар қайд этилган.

“Унинг ноқонуний даромад олиш ва шахсий бойиб кетиш борасидаги фаолиятининг яна бир йўналиши давлат харидлари бўлган. Хусусан, молия-хўжалик фаолияти аудити айрим тиббий буюмларни ўта қимматга сотиб олиш ва қиммат дори воситаларини ҳисобдан чиқариш ҳолатлари мавжудлигини кўрсатди”, — дейилади Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида.

Бундан ташқари, Давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йил октябрь ойида иммуномодуляцион дори воситалари етказиб бериш бўйича ўтказилган тендер натижаларига кўра, ғолиб компания Миллий госпиталь учун дори воситаларини оширилган нархда сотиб олиб, 36 миллион сомдан (410 минг доллардан ортиқ) ортиқ зарар етказган.

ССВ қошидаги Миллий шифохона Қирғизистон Республикасининг кўп тармоқли даволаш-профилактика муассасаси бўлиб, мингдан ортиқ ўринга эга. Тўхтабой Маанаев 2020 йил август ойида муассаса бош шифокори лавозимига тайинланган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ