Номи улуғ, супраси қуруқ маданий марказларнинг кераги борми?

Декабрь ойида Ўш шаҳар ўзбек миллий маданий маркази қурултойи ўтказилиб, унга янги раис тайинлангани маълум бўлди.

Қурултой ҳақида маълумот ижтимоий тармоқларда ёйинлар экан, қатор ўзбек фаоллари ўз норозиликларини билдиришган. Нега қурултой ўтказилиши тўғрисида аввал эълон қилинмади? Нима учун унга бизни чақиришмади? Марказ нима иш қилиши, уни ким бошқаришини билишимиз керак… каби саволлар беришган.

Ўзбек миллий маданий маркази дейиларкан, нега ташкилотчилар бир гуруҳ “фаоллардан” бошқа ўзбеклар фикрини эшитишни хохламайди? Яна аввалгидек ўзбошимчалик, яна ўша миллат номидан гапиришми? Ким уларга бу ҳуқуқни берган?

Марказ раислигига маълум шахсларни тайинлаш йил бошидан бери турли давраларда айтилиб келинаётган эди ва албатта унинг ортида манфаатдор одамлар тургани сир эмас.

Ҳуфёна ўтказилган қурултойда раиснинг тайинланишидан сўнг қарши тарафнинг жиғибийрон бўлиб, кейинчалик ўзларининг йиғилишини ўтказгани маълум. Улар ҳам ўз номзодини тайинлаш учун бор кучини кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда, албатта. Бу ерда сайлов ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Адолат йўқ жойда қандай сайлов бўлиши мумкин? Шунинг учун тайинлов деб айтамиз. Бунинг учун бизга ҳеч кимнинг иддао қилишга ҳаққи йўқ. Ахир, демократик давлатда яшаяпмиз…

Бу ўйинлар яна қанча давом этаркин? Қизиғи, ундаги ўйинчилар ҳеч чарчашмади. Уларга бундан нима наф? Ўзбек миллий маданий маркази ташкил этилганидан бери бирон иш қойиллатилдими? Балки мен билмасман ёки эслай олмаётгандурман? Марказ номидан бундай яхши ишлар амалга оширилган деб аниқ мисолларни келтиринглар, қойил қоламиз, агар ҳақиқатан ҳам миллат учун қилинган бўлса. Фақат қоғозда ёзилган ишлар эмас, аниқ амалий мисоллар, ижобий натийжалари билан. Билакс, қуруқ сафсаталарни ўқиш ёки эшитишга тоқат йўқ.

Биз мактабда ўқиётган пайтимизда, янглишмасам 1998-1999 йиллар, Ўшдаги Бобур театри ёнидаги, ҳозирги ЭлТР биноси ўрнида ўзбек миллий маданий маркази учун бино қуруш режалаштирилган. Унга пул тўплаш учун шаҳарда марафон ўтказилган. Мактабларда ҳам  имкони бор ўқувчилардан маълум миқдорда пул, (қанчалиги ҳозир эсимда йўқ) қолганлардан эса бўш минерал сув, тархун шиша идишлари йиғилиб марказ биноси қурулишига топширилган. Марафонда синфдошлар билан қатнашганмиз. Ҳар бир мактаб неча сўм бераётгани омма олдида микрофонда айтилган.

Кейинчалик у ерга Ўшнинг 3000 йиллигига бағишланиб ҳудди шундай ном билан ташкил этилган телевидения биноси қуриладиган бўлиб, ўзбек миллий маданий марказ биноси учун Боқий масжиди ёнидан ер ажратилган. У ерда бино ярмигача қад ростлаб тўхтаб қолган ва ҳозиргача ўша аҳволда туради. 2010 йилги ҳунрезликлардан кейин ер ва бино Ўш шаҳар мэрияси қарамоғига ўтгани маълум бўлган.

Ўша пайтдаги ўзбек миллий маданий марказлари раисларида пул йўқ эмасди. Ваҳоланки, саҳоватпеша одамлар ёрдамида бинони қуриб, битириб, ишлатса бўларди.

Ундан кейин парламент сайловларида, у пайтдаги бир номзодли округлардан қўйган икки ўзбеклар бир-бирларини қоралаб, судлашиб, кўчада ёпиштирилган ташвиқот вароқларидаги суратларига лой чоплашиб ўйнашганини ҳам кўпчилик эслайди.

Кейинчалик сиёсий амбициялари кучайиши ортидан ўзаро душман бўлишга ҳам улгурушган. Шу сабаб ҳам ўндан ортиқ турли номлар билан ўзбек миллий маданий марказлари қайд этилган. Ҳар ким мустақил иш олиб боришни кўзлаган. Бироқ, …

Аҳолиси етти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистонда бир миллиондан ортиқ ўзбеклар яшайди. Сони жиҳатидан республикада иккинчи ўринни эгаллаган ўзбеклар сайловларда асосий куч ҳисобланади. Улар овозини олиш учун партия ёки номзодлар ортиқча бош қотириб ҳам ўтирмайди. Миллат номидан бекорга ишлаб берадиган “раисларимиз” бор.

Сўнги ўн йил ичида ўтказилган сайловларда ўзбеклар афсуски, қайсидир партия ёки номзод манфаати учун ноқонуний ишларни амалга оширишга тайёр кучга айланган. Уйма-уй юриб сайловчилар рўйҳатини тузиш дейсизми, улар овозини пулга сотиб олиш, сайловга бормаса ишдан ҳайдаш, давлат партияси ёки номзодига овоз бермаса эртанги кунини ўйлаш билан қўрқитиш каби ноқонуний ишларнинг барчасини бажаради. Яна бу ишидан фахрланиб ҳам қўяди.

2017 йилнинг 15 октябрида ўтказилган президентлик сайловида икки ўзбек “зиёлиларининг” овоз бериш марказида, ўзлари ишлаётган партия манфаати учун бир-бирларини еб қўйгудек бўлиб гап толашганига гувоҳ бўлганман. Ваҳоланки, иккаласи ҳам кейинчалик ишсиз қолишди, бирон лавозимга ҳам эга бўлишмади, тўғрироғи партиялари уларни «улоқтирди». Иккаласи ҳам партияларнинг қуруқ ваъдаларига ишониб, уларга хизмат қилиб бергани қолди холос.

2020 йилнинг 15 октябрида бўлиб ўтган парламент сайловида ҳам кимлар Андижон полкасига тушиб, яна кимлар қандай ҳунар кўрсатгани ҳақида фейсбук саҳифамга ёзсам, “раисларимиздан” бири менга қўнғироқ қилиб, “юқоридан” сиёсатга аралашмай туришимизни айтди деб, ёзганимни ўчириб юборишимни илтимос қилди. Ким экан ўша юқоридаги одамлар десам, айтмади. Ёзганимни ўчирмайман деб, телефон гўшагини қўйсам, яна бир танишим қўнғироқ қилади. У ҳам Бишкекдан “ҳурматли одамлар” қўнғироқ қилганини айтади. Нега ўзимга қўнғироқ қилмасдан, уларга айтаётганини сўрасам жавоб бермайди. Фикримни ўзимнинг фейсбук саҳифамга ёзганимни ва уни ўчирмаслигимни, кимнинг иддаоси бўлса ўзимга мурожаат қилишини айтдим ва гўшакни қўйдим.

Нега ўша сайлов пайтида ноқонуний ишларни амалга оширган ўзбекларни тартибга чақирмасдан, уларни танқид қилган мени назорат қилишмоқчи бўлганига жахлим чиқди.

Нега одамлар сайлов пайтида арзимаган 1000-2000 сўм учун овоз сотиб, аллақандай партия ёки номзод манфаати учун қўшниси билан урушиб, юз кўришмас бўлиб кетишади?

Депутат бўлганлар эса оғзига толқон солгандек жим ўтиради. Депутатлик имтиёзидан фойдаланиб, сайловга сарфлаган пулини тўплаб, яна қўшимча даромад қилишни ўйлайди фақат.

Мактабларда китоблар етишмайди, шаҳар марказидаги кўча асфальтлари ўйилиб ётибди ёки кўчаларга умуман асфальт босилмаган. Махаллаларда сув, свет, газ муаммолари талайгина. Бу муаммоларни ўз ваколатларидан фойдаланиб тегишли идораларга етказиб, хал этишга ҳеч ким шошмайди. Бирон масалага миллий тус берилганда холис фикр айтиб ёки баёнот қилишга яралмайди.

Икки йил аввал июнь воқеасининг 10 йиллиги арафасида ўтказилган телевидениядаги давра суҳбатида, яна ўша ёш “раисларимиздан” бири ўзбек мактабларини ёпиш, бошқа тилга ўтказиш керак деб айтган. Мен нега ундай деяпсиз, унингсиз ҳам ҳозир саноқли ўзбек мактаблари қолди, ўша мактабларни ўқув қуроллари, китоблар билан таъминлашни гапирсангиз яхши бўларди деганман. Давра суҳбати тугаганидан кейин қовун туширган “раисимиз” операторга, боя гапирганимни чирқиб ташласангиз деб илтимос қилган.

Оддий савол. Ўзбек миллий маданий маркази раиси бўлишдан қандай фойда? У ерда муайян моаш бўлмаса. Тижорий манбаа йўқ… Нега унда кўпчилик бу мансабга интилаверади?

Тўғри, аслида бу мансабга халқ, миллат учун ишлайдиган одам сайланиши керак. Лекин бугунги кундаги реаллик бунинг акси. Худди отасидан қолган боғдек талашишади.

Раисликни иддао қилиб, ўзбекчада тўғри ёзишни билмайди.

Давлат мажлисларида қарсак чалиб ўтиришлик, кимсан ўзбек миллий маданий маркази раисиман деб юришлик учун шунча тортишувлар, кўнгилхираликлар керакми? Ёки бу лавозим орқали ҳам яхшигина даромад қилса бўладими?

Нима бўлганда ҳам, ўзбек миллий маданий марказлари раисларига инсоф берсин. Ўзларини эмас, халқ, миллат манфаатини ўйлашса яхши бўларди.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ