“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти Азаттиққа босимни тўхтатишга чақирмоқда

“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Қирғизистонда Азаттиқ матбуотига босим ва сўз эркинлигини тўхтатишга чақирган мурожаат билан чиқди. Бу ҳақдаги баёнот ташкилотнинг расмий сайтида эълон қилинган.

Мурожаат муаллифларига кўра, Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг Азаттиқ фаолиятини тугатиш тўғрисидаги даъвоси “аллақачон кучайиб бораётган босим остида бўлган сўз эркинлигига жиддий тўсиқ бўлади”.

“Азаттиқ веб-сайтларининг блокланиши ва уни ёпишга қаратилган айбловлар терговчи журналист Болот Темировнинг Россияга ноқонуний депортация қилинишини акс эттиради. Қирғизистон шу пайтгача матбуот эркинлиги нисбатан эркин бўлган Марказий Осиёда истисно сифатида кўрилган, аммо энди у безовта қилувчи авторитар бурилиш ясамоқда. Биз Азаттиқнинг босқичма-босқич цензурасини қоралаймиз ва расмийларни мустақил оммавий ахборот воситаларини таъқиб қилишни бас қилишга чақирамиз”, деди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Жан Кавеле.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ноҳукумат ташкилот бўлиб, бутун дунёда сўз эркинлигини тарғиб қилади. Ташкилот цензура ва журналистларни таъқиб қилишга қарши курашади.

Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг судга мурожаати 23 январь куни маълум бўлди. Даъво аризасида департамент қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақидаги видео ўчирилмагани ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётганини кўрсатади. Даъвогарларнинг фикрича, “Азаттиқ Медиа”нинг хатти-ҳаракатлари “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддаси талабларига зиддир. Шундан келиб чиқиб, Маданият вазирлиги суддан Азаттиқ фаолиятини тўхтатишни сўрайди.

РСЕ/РС президенти ва бош директори Жейми Флай суд жараёнини изоҳлар экан, корпорация Азаттиқнинг мамлакатдаги фаолиятини сақлаб қолиш учун барча мавжуд қонуний воситалардан фойдаланишини айтди.

2022 йил 26 октябрда Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Азаттиқ веб-сайтларини блокировка қилишга қарор қилди. 31 октябрь куни муассасанинг «Демирбанк»даги ҳисоб рақами огоҳлантиришсиз блокланган. Бунгача, 23 октябрь куни “Биринчи радио” бу қарорни техник сабаблар билан асослаб, Азаттиқ кўрсатувларини эфирга узатишни тўхтатди.

26 декабрь куни Қирғизистон Республикаси ҳудудидаги чекловлар узайтирилгани маълум бўлди. Департаментнинг тушунтиришича, ушбу чора блокировка қарори қабул қилинган материал олиб ташланмагунча ўз кучида қолади. Азаттиқ адвокатлари Маданият вазирлигининг бу қарорига эътироз билдириш учун Бишкекнинг Первомайский туман судига мурожаат қилди. Бу иш бўйича биринчи суд жараёни 2023 йил 26 январга белгиланган.

Азаттиқ ўзининг иккала сайтини блоклаган биринчи кунданоқ қарордан норози эканлигини эълон қилиб, унинг ноқонуний эканлигини исботлашга уринди. Аввалроқ муассаса “ноқонуний ва Конституция билан кафолатланган сўз эркинлиги кафолатларини бузувчи” қарорни бекор қилиш талаби билан вазирликка маъмурий шикоят юборган эди. Аммо бўлим уни қондиришдан бош тортди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ