Викрам Рўзахуновнинг адвокатлари Қозоғистондаги қийноқлар факти бўйича иш тугатилгани ҳақидаги маълумотни рад этди

Қозоғистонда жазз мусиқачиси Викрам Рўзахуновнинг қийноққа солиниши бўйича тергов тўхтатилмади. Бу ҳақда Рўзахуновнинг ўзи хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, бир кун аввал қозоғистонлик адвокатлар у билан боғланиб, Қозоғистоннинг айрим ОАВларида иш ёпилгани ҳақидаги маълумотлар ишончсиз бўлиб чиққанини айтишган.

Викрам Рўзахуновнинг адвокати Бахитбек Автандилнинг айтишича, ҳимоясидаги шахсга нисбатан қийноқлар қўлланилгани бўйича тергов давом этмоқда.

“Қозоғистонлик адвокатлар Олмаота вилояти махсус прокуратураси терговчисига қўнғироқ қилиб, иш ёпилмаганини айтди. Бу нотўғри маълумот эди. Яқин орада Викрам терговни давом эттириш учун Олмаотага бориши керак”, — деди адвокат.

Аввалроқ Қозоғистоннинг қатор ОАВлари Бош прокуратура жиноятчиларни топа олмагани сабабли Рўзахуновга нисбатан қийноқлар бўйича тергов тўхтатилгани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Қозоғистонда январь воқеалари чоғида қирғизистонлик мусиқачи Викрам Рўзахунов ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинган ва калтакланган эди. Икки кундан сўнг Қирғизистон расмийлари ва жамоатчилигининг аралашувидан сўнг уни қўйиб юборишди ва Бишкекка олиб кетишди. Кейинроқ касалхонада операция қилинди. Викрам Рўзахунов Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қийноққа солинганини айтди. Мусиқачининг қовурғалари синган, мияси чайқалган.

Ҳибсга олинганлар орасида яна бир қирғизистонлик Чўлпонбек Сидиқов ҳам бор. У 8 январь куни вақтинчалик пропискани янгилаш учун уйига кетаётганида Олмаота чеккасидаги назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган. У тартибсизликларда иштирок этганликда айбланиб, кейин полиция бўлимида қаттиқ калтакланган. Чўлпонбекнинг мияси чайқалган, икки оёғининг болдирлари ва олти қовурғаси синган.

Қозоғистонда «Қийноқ» моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. 2022 йил май ойида у тергов ҳаракатларида иштирок этиш учун Олмаота шаҳрига бормагани учун иш вақтинча тўхтатилгани маълум бўлди. Текширувлар сентябрь ойида бошланган. Мусиқачи уни калтаклаган 10 дан ортиқ полициячини аниқлаган.

Рўзахуновни калтаклаш факти бўйича Қирғизистон полицияси ҳам жиноий иш қўзғатган ва тегишли экспертизалар тайинлаган, натижаларига кўра мусиқачига оғир тан жароҳати етказилганлиги аниқланган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ