Одилжон Обидов: Мен асли ўшликман

Бу галги суҳбатдошимиз ўшлик бообрў жамоат арбоби, журналистика соҳасида оқсоқол зиёли Одилжон Обидов билан бўлди. 

–  Аввало ҳаёт йўлиниз ҳақида қисқача суҳбатлашсак.

– Мен асли ўшликман! Сабаби, бизнинг авлод-аждодларимиз асрлар давомида Ўшда яшаб келганлар. Ҳозир Ўш кўча деб аталаётган кўча, аслида бир вақтлар Гўристон кўча деб ҳам аталган. Бу кўчада бизнинг аждод-авлодларимиз туғилган. Ҳозир мен яшаётган уй 1904 йили катта отамиз томонидан қурилган экан. Қандайдир шу жойга ортиқча берилиб кетганмизми, эътиқодимиз бошқачароқми, ҳозир ҳам мен шу ерда яшайман.

Мен асли электроника бўйича ҳарбий мутахассисман. Ҳарбий ҳизматдан кейин Ўшда Ўш район партия комитети ва вилоят партия комитетида 3-4 йил ишладим. Москвадаги Олий Партия мактабини газета мутахассислиги бўйича тамомлаганимдан кейин 3-4 ой вилоят партия комитетида ишладим. Москвадаги сиртқи олий партия мактабинин Қирғизистондаги консул пунктида 5-6 йил журналистика назариясидан дарс берганман. Кейин 26-27 йил давомида ҳозирги “Ўш садоси” газетасига муҳаррирлик қилдим. Кейинги фаолият ҳаммаси деярли “Ўш садоси” билан боғлиқ.

Сиз бир вақтлар Ўзбек миллий марказининг раиси сифатида ҳам ишлаган экансиз?

-1993 йилнинг май ойида, 60 ёшимда редакциядан пенсияга чиқдим. Кейин миллий марказдагилар шу миллий марказнинг раислигини менга топшириб қўйишди. Энди бу бошланиб қолган яхши ишни давом эттириш анча енгил бўлар экан. Мен миллий марказда бир йилу тўрт ой ишладим.

– Миллий марказ раиси сифатида амалда нима ишлар қилдингиз?

– Қисқаси, оз вақт ичида биринчи қилинган иш Ўзбекистон маориф вазири билан учрашиб, ўшлик ёшлар учун Ўзбеекистондаги олий ўқув юртларида стипендия билан ўқиш учун юзта ўрин олишга муяссар бўлдик. Ҳозир ана шу ёшларнинг кўплари шаҳримиздаги кўзга кўринган ташкилотларда, лавозимларда ишлашяпти. Қилинган ишлардан яна бири (билмайман, у вақтда миллий марказга бўлган муносабат бошқачароқ эканми, ёки миллий марказнинг эл учун, халқ учун, Республика учун зарурлиги тушунилиб англанган эканми?) ана шу даврда беш маротаба Қирғизистон президенти Асқар Ақаев билан учрашдик.  Шахсан мен ўзим учрашдим. Шу учрашувлардан биттасида Қирғиз-Ўзбек университетини очиш тўғрисидаги масала ҳал бўлди. Кейин бу университетни очиш тўғрисидаги фармонга қўл қўйилгандан кейин айрим машмашалар ҳам бўлди. Албатта, ўзимизнинг ва ўшлигимизни қўямиз университетга, албатта, ўзбегимизни қўямиз, албатта, биз айтган одам бўлиши керак, деган ҳар хил мулоҳазалар, тортишувлар ҳам келиб чиқди. Лекин ана шунда бу университетни оёққа қўядиган якка-ю ягона шахс бу Муҳаммаджон Мамасаидов деб, шу одамни университет ректорлигига миллий марказ тавсия қилди. Кичкинагина коллектив билан пайдо бўлган университетда биринчи йили 150 нафар талаба ўқир эди. Мана ҳозир университетда 20 мингдан ортиқ талаба ўқияпти. ҚЎУнинг яратилишида миллий марказнинг қатъият билан шу масалани ҳукумат олдига, президент олдига қўйгани, изчиллик билан ана шу нарсага эришишга ҳаракат қилгани энг салмоқли ишларидан биттаси ҳисобланади. Яна бир қатор бошқа масалалар миллий марказ томонидан амалга оширилди.

– Кейинги пайтларда Қирғизистондаги ўзбеклар билан Ўзбекистондаги ўзбеклар орасидаги алоқалар узилиб бораётгандек сезилади…

– Ҳозирда Ўзбекистондан ташқарида беш ярим миллион ўзбек яшайди. Уларнинг энг кўпи Тожикистонда ундан кейинги ўринда бизда. Афғонистонни ҳисобламаганда бу ерда кўпроқ. Ҳар қанақа шароитда ҳам биз барибир ягона миллатнинг вакилларимиз. Буни ҳеч қачон унутмаслигимиз керак. Шуни унуттиришга ҳаракатлар ҳам бўлаяпти. Биз Қирғизистонда яшаётган, Қирғизистоннинг фуқароси ҳисобланган ва Қирғизистоннинг ватанпарвари бўлиши керак бўлган бир катта ирмоғимиз ўша ягона миллатнинг. Шунинг учун айрим вақтда ўша миллатни бир-бири билан боғлаб турган ришталарни узиб юборишга, уни имкон борича боғланишларини камайтиришга уринишлар йўқмас. Бу уринишлар ҳозир фақат Қирғизистон томонидагина эмас, бутун Марказий Осиёда бўлаяпти. Ўзбекларгагина нисбатан эмас, балки бошқа милллатларга нисбатан ҳам бўлаяпти. Лекин биз ана шу ришталарни узмасдан сақлаб қолишимиз керак. Ҳозир кейинги вақтда, ўзбек мактабларида, ўзбек адабиёти, ўзбек тили соатларини қисқартириш билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳақида газетангизда ҳам сўз юритдингизлар. Шунга ўхшаган нарсалар миллатларнинг бир-бирига яқинлашишига, турган гап, таъсир қилиши мумкин. Биз Миллий марказ, ўшлик зиёлилар мана шунга ўхшаган нарсаларни бартараф қилиб, имконият борича маданий, адабий яна бошқа-бошқа боғланишларни тиклашга уриниб кўришимиз керак. Бу масала бўйича Ўшдаги “Бобур” номли академик театр коллективи, яна бошқа ижодий ташкилотлар алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилиб кўришяпти. Лекин бунинг имконияти чекланган экан-да. Буларнинг барчасини қонун йўли билан қандайдир асослаб қўйилса, балким бу нарсалар йўлга қўйилиб қолар… Бу соҳада, бизнинг Қирғизистон ва Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари ўртасидаги алоқаларни албатта тиклаш керак. Масалан, қирғизистонлик ёшлар Россияда ўқишяпти-ку, ана шу мамлакатларга ўхшаб нимага биз Ўзбекистонга бориб ўқиш имкониятига эга эмасмиз? Мана шу вақтгача Ўзбекистондан минглаб ёшлар Ўшда ўқиди. Нимага биз Ўзбекистонда ўқимаймиз, ўқий олмаймиз? Биринчи навбатта, мен ўша олий ўқув юртлари орасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тарафдориман.

Биз ягона туркий миллатларнинг – ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман, турк деб аталган ирмоқларимиз! Ана шу “ТУРК” деган катта миллатни бирлаштирадиган туркий халқларни бир-бири билан яқинлаштирадиган қандайдир бир сиёсий позицияни ишлаб чиқиш зарурати етилиб қолди-да, қисқаси…

– Газетамизнинг олдинги сонида “Сизни нима хавотирга солади?” деган мавзуда одамларнинг фикрларини берган эдик. Сизни нима хавотирга соляпти?

– Газетангизда ўқидим, бу фикрлар менга ҳам ёқди. Аслида мени бунақа ташвишлантираётган нарсалар кўп. Лекин шуларнинг ичида энг долзарброғи – бизнинг бир вақтлар жуда актив бўлган зиёлиларимиз кейинги вақтда давлат ишидан аста-секин четлаб, кўпроқ бизнес томонга бурилиб кетди. Давлатни бошқаришда, қонунлар ишлаб чиқаришда қирғиз миллати билан ёнма-ён туриб шу масалаларни ҳал қилишда иштироки камайиб кетаяпти. Қисқаси, қўпол қилиб айтганда, сурилиб чиқиб қолаяпмизда! Бу нарса фақат қиргиз халқигагина боғлиқ эмас, ўзимизнинг ижтимоий фаоллигимизга ҳам боғлиқ. Биз иложи борича қирғиз тилини ўргансак, қирғиз маданиятини ўргансак ва Қирғизистондаги бошқа миллатлар билан бир қаторда у ёки бу муаммоларни хал қилишда актив, ишчан позицияда турсак, ўшандагина биз ўрнимизни аста-секин топиб оламиз. Ана шу заифлашиб кетаётганлигимиз мени ташвишлантиради.

– “Сиёсатгазетаси ҳақида фикрларингиз?

– Энди биринчидан, биз тўғрисини айтсак сиёсатдан аста-секин четлаб бораётган бир пайтда бу “Сиёсат” газетаси бизнинг миллатни қандайдир сиёсий тушкунликдан олиб чиқиб кетиши мумкин. Шунинг учун мен “Сиёсат” газетасининг сиёсат деб аталиб, сиёсат тўғрисида бошқа матбуотларга қараганда кўпроқ гап қилаётгани ҳам менга ёқаяпти. Бундан кейин сиёсий суҳбатни, сиёсий баҳсни имконияти борича кўпроқ бериб боринглар, иложи борича кўпроқ давом эттиринглар. Сиёсатдан четда қолмаслигимиз керак, шунинг учун сиёсат бу фақат сиёсатдонларнинг иши эмас, сиёсат бу ҳаммамизнинг ишимиз. Бизнинг сиёсий позицимизга, сиёсий кўз қарашимизга кўп нарса боғлиқ ва шуларни ривожлантиришда “Сиёсат”нинг ўрни жуда баланд деб биламан. Сиёсат ҳақида кичик-кичик байрамларда, ошларда, ўтиришларда гапирамиз, лекин очиқ ойдин газета, телевидениеларда, йиғинларимизда ошкора, расман, қизишмай, шошилмай гапирмасдан ўзимизни секин панага тортиб қоламиз. Лекин мана шу масалаларда “Сиёсат” газетаси анча фаол ҳаракат қилади деган умиддаман…

УШБУ СУҲБАТНИ МАРҲУМ ЖУРНАЛИСТ АЛИШЕР СОИПОВ 2007 ЙИЛИ ЎЗИНИНГ “СИЁСАТ” ГАЗЕТАСИДА ЧОП ЭТГАН. 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ