Бишкекда самбо бўйича жаҳон чемпионати бошланди. Тожикистон терма жамоаси мусобақада иштирок этишдан бош тортди

Қирғизистон пойтахти илк бор самбо бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. 11—13 ноябрь кунлари Бишкек шаҳрида бўлиб ўтадиган турнирда сайёрамизнинг энг кучли самбистлари – 50 дан ортиқ давлат вакиллари иштирок этади, деб хабар беради Халқаро САМБО федерацияси.

Мусобақалар учта йўналиш – аёллар спорти, эркаклар спорти ва жанговар самбо бўйича ўтказилади.

Турнирда иштирок этиш учун Австралия, Баҳрайн, Боливия, Бразилия, Буюк Британия, Венесуэла, Жибути, Колумбия, Мали, Мексика, АҚШ, Чили, Япония, Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Латвия, Туркманистон, Ўзбекистон ва бошқа 50 га яқин давлатдан жамоалар ариза топширган. FIAS Ижроия қўмитаси қарорига кўра Беларус, Россия ва Франция спортчилари Халқаро САМБО федерацияси байроғи остида баҳслашадилар.

Украина терма жамоаси мусобақада қатнашмайди. Тожикистонлик спортчилар ҳам Бишкекка бормайди. Тожикистон Самбо федерациясидан «Озоди» радиосига маълум қилинишича, яқинда тожик-қирғиз чегарасида юз берган можаро сабаб шундай қарор қабул қилинган. Тожикистон ёшлар ишлари, спорт ва туризм қўмитаси тожикистонлик спортчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мамлакат Самбо федерациясига Бишкекдаги турнирда иштирок этишдан бош тортишни тавсия қилди.

Жорий йилнинг 14-17 сентябрь кунлари Тожикистон-Қирғизистон чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда ҳар икки томондан 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Озоди радиоси тўқнашувлар ва ўққа тутилган 80 дан ортиқ тинч аҳоли ва аскарлар рўйхатини тузди. Қирғизистонда, бу давлатнинг расмий маълумотларига кўра, 63 киши, асосан, ҳарбийлар ҳалок бўлган, яна 200 га яқин киши жароҳатланган.

Самбо бўйича жаҳон чемпионатининг доимий иштирокчиси бўлган Тожикистон терма жамоаси илк бор ушбу нуфузли халқаро мусобақада иштирок этишдан бош тортди.

“Биз жаҳон чемпионатига жиддий тайёргарлик кўрдик ва мен иккинчи олтин медални қўлга киритишни хоҳлардим – ҳозирча йигитларимиздан ҳеч бири муваффақиятга эриша олмади. Афсуски, Бишкекдаги турнирда иштирок этмаймиз. Умид қиламизки, 2023 йилда самбо бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади”, — деди ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг 58 килограмм вазн тоифасида олтин медаль совриндори Акмалиддин Каримов Озоди радиосига берган интервьюсида.

Аввалроқ самбо бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати Ашхободда (Туркманистон), ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати эса Панагюриштеда (Болгария) бўлиб ўтиши айтилганди. Бироқ, ушбу мамлакатлар миллий федерациялари FIASга ушбу турнирлар ўтказиладиган жойларни бошқа вақтга кўчиришни сўраб сўров юборган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ