Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасида юз берган можаро юзасидан 6 нафар сўхлик қамоққа олинди

Ўзбекистон Республикасининг Фарғона вилояти Сўх туманида юз берган можаро юзасидан 6 нафар сўхлик қамоққа олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

31 май куни Ўзбекистоннинг Сўх тумани Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Қадамжой тумани Чечме қишлоғи аҳолиси ўртасида Қирғизистон ҳудудида жойлашган, сувидан Ўзбекистон ҳам фойдаланадиган Чашма булоғи устида баҳс чиқиб, катта можарога айланиб кетган ва оммавий тартибсизликлар юз берганди. Можаро оқибатида 187 нафар ўзбекистонлик касалхонага ётқизилган, Ўзбекистон ҳудудидаги учта хонадонда ёнғин юз берган.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикаст етказилган.

Мазкур ҳолат бўйича 1 июнда Фарғона вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 219 ва 244-моддалари билан айблов эълон қилиниб, уларга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ