Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида ўқ отилди

6-август куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида тўқнашув бўлиб, қуролдан ўқ отилганини Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълум қилмоқда.

Боткен вилояти  Боткен тумани Икки-Тош овулида тожикистонлик номаълум шахслар қирғиз чегарачиларига қарата ўқ отишди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўқ ов қуролидан отилган.

Натижада чегарачилардан бири қўлидан яраланган. Унга тегишли ёрдам кўрсатилди ва аҳволи яхши эканлиги айтилмоқда.

Ҳозирда Қирғизистон ва Тожикистон чегара хизматларининг вакиллари музокаралар олиб бормоқда. Чегарадаги вазият барқарор.

Жорий йилнинг 8-май куни Боткен вилояти Кўк-Тош овулида қирғиз ва тожик халқлари ўртасида жанжал келиб чиқиб, улар бир-бирига тош отишган эди. Ўшанда Тожикистон томони автомат ва миномётлардан ўқ узиб, икки томонлама отишма бўлган эди.

Тўқнашувда Мирбек Султанбек ўғли, Манас Абдисаит ўғли ва Чингиз Турдубай ўғли ярадор бўлган.

Боткен шифохонасига ётқизилган аскарлар кейинчалик Бишкекдаги Миллий шифохонага олиб борилган. Кўкрагига ўқ теккан икки чегарачи соғайиб, шифохонадан чиқарилган.

Умуртқа поғонасига ўқ теккан Мирбек Султанбек ўғли аввал  Боткенда ва иккинчи марта Бишкекка келганида ичагидан жарроҳлик амалиётини ўтказди. 30-май куни унга Москвада операция қилинганини айтишган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ