Аравон тумани ҳокими Қурбанбек Айтибаевдан тожливирус аниқланди. Бу маълумотни ҳукуматнинг Ўшдаги вакилчилиги матбуот котибаси Нурқиз Қадирбекова тасдиқлади.
Ҳокимдан COVID-19 вируси 18-июнда аниқланган. Ўша куни туман маъмуриятининг барча ҳодимларидан ПЦР анализ олиниб, илк натижаси тоза чиққан. Қадирбекова маҳкамада иш фаолияти тўхтамаганини ва ҳодимлар оралиқни сақлаб ишлаётганини маълум қилган.
«Вирусни халқ орасида юриб юқтириб олган бўлиши мумкин. Ҳозир аҳволи яхши, шифохонада даволанишни давом эттирмоқда», -дейди Қадирбекова.
19-июнь ҳолатига кўра республика бўйича СOVID-19 инфекциясининг янги 132 ҳолати қайд қилинди, улардан 24 нафари тиббиёт ҳодимлари. Шундай қилиб, мамлакатда тожливирус юқтириб олганларнинг умумий сони 2780га етди. Бу иллатдан соғайганлар сони – 1961 нафарни ташкил қилмоқда. Тожливирус юқтириб олган 32 бемор эса вафот этган.
Шу кунларда 544 бемор шифохонада даволанмоқда, улардан 34 нафар беморнинг аҳволи оғир, 6 киши реанимацияда. Янги алгоритмлар бўйича тожливирус деб ташҳис қўйилган, аммо касалликнинг ҳеч қандай аломати йўқ беморлар уй карантинидан чиқарилмоқда.