Грузияда хитойлик оила учун фарзанд туққан ўзбекистонлик суррогат она вафот этди

Грузиянинг Тбилиси шаҳрида суррогат оналик дастури асосида ҳомиладор бўлган 31 ёшли Ўзбекистон фуқароси фарзандни дунёга келтирганидан бир неча соат ўтиб вафот этди. Аёл хитойлик оила учун фарзанд туққан.

Бу ҳақда Грузиянинг «Rustavi 2» телеканали хабар қилди.

Грузия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, аёл 11 ноябр куни ҳомиладорликнинг 36-ҳафтасида Тбилисидаги Биринчи университет клиникасида туққан. Туғруқдан бир неча соат ўтиб, унда қон кетиши бошланган ва у 12 ноябр куни вафот этган. Чақалоқ соғлом туғилган.

Аёлга эмбрион 2026 йил баҳорида Грузия-Германия репродуктив тиббиёт марказида кўчириб ўтказилган. Бу унинг суррогат оналик бўйича биринчи дастури бўлган.

Марказ раҳбари Нино Мусеридзе Озодликнинг грузин хизматига аёлнинг соғлом бўлгани ва эмбрион кўчирилишидан олдин зарур тиббий текширувлардан ўтганини айтган.

«Бу унинг суррогат оналик бўйича биринчи дастури эди. У мутлақо соғлом бўлган. Суррогат онага эмбрион кўчиришдан олдин тўлиқ тиббий текширув ўтказилади ва мен аёлнинг мутлақо соғлом бўлганини тасдиқлай оман. Туғруқ вақтида ҳар қандай аёлда асоратлар юзага келиши мумкин. Биринчи университет клиникасида ушбу ҳолат ўрганилмоқда. Мен ҳам жавобларни кутяпман, чунки туғруқдан кейин нима бўлганини билиш мен учун ҳам жуда муҳим», — деди Нино Мусеридзе.

Грузия Ички ишлар вазирлиги ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси — эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиш ҳолати бўйича тергов бошланган.

Шунингдек, Грузия Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Тиббий ва фармацевтика фаолиятини тартибга солиш агентлиги ҳам ҳолат юзасидан текширув олиб бормоқда.

Биринчи университет клиникаси аёлнинг ўлими юзасидан изоҳ беришдан бош тортган.

Бу хабар Грузия ҳукумати суррогат оналикни мамлакатда тўлиқ тақиқлаш режасини эълон қилганидан бир неча кун ўтиб оммага маълум бўлди.

22 ноябр куни ҳукумат суррогат оналикни тўлиқ тақиқлаш ниятини билдирган. Соғлиқни сақлаш вазири Михаил Сарджвеладзе бу соҳадаги катта иқтисодий ва тижорий манфаатлар туфайли, ҳатто қатъий қоидалар мавжуд бўлган тақдирда ҳам самарали назоратни таъминлаш қийинлигини айтган.

Грузияда суррогат оналик соҳасидаги муаммолар ҳақида аввал ҳам маҳаллий ва халқаро ОАВлар бир неча бор хабар берган. Суррогат оналик дастурларида иштирок этиш учун хориждан келган аёллар тўланмаган ҳақлар, оғир яшаш шароитлари, нотўғри муносабат ва жиддий соғлиқ муаммоларига дуч келганини айтган.

Айрим аёллар туғруқдан кейин бачадонини йўқотганини, бошқалари эса ҳомиладорлик давридаги асоратлар сабабли мураккаб тиббий муолажалардан ўтишга мажбур бўлганини билдирган.

Грузияда суррогат оналикни тўлиқ тақиқлаш режаси шифокорлар, мутахассислар ва фарзанд кўришда қийинчиликларга дуч келаётган аёллар танқидига сабаб бўлди. Улар соҳани бутунлай тақиқлаш ўрнига давлат назоратини кучайтириш ва суррогат оналар ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидламоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ