Қирғизистон депутатлари соатбай ва кунбай уй ижарасига қўйилган тақиқ бекор қилинишини таклиф қилди

Қирғизистонда депутат Жанар Акаев хонадонларни меҳмонхона сифатида соатбай ва кунбай ижарасига қўйилган тақиқлар бекор қилиниши борасида таклиф берди. Бу борадаги қонун лойиҳасини у парламентнинг жиноятчиликка қарши кураш ва коррупцияга қарши туриш ҳамда қонунчилик қўмитаси мажлисига тақдим қилди.

Жанар Акаевнинг таъкидлашича, жорий қилинган тақиқ туризм соҳасидаги бизнесга таъсир кўрсатди ҳамда бюджетга 72 млн сом ($972 мингга яқин) келиб тушмади.

«Бутун дунёда туристлар дам олиш вақтида хонадонларни брон қилишади ва у ерда яшашни исташади, чунки кўпчилик меҳмонхоналарда тургиси келмайди. Бизда шу каби имкониятни йўқ қилишди. Ҳалол йўл билан пул топган ҳамда уй ва хонадонларини туристларга ижарага берганлар эндиликда бундан маҳрум бўлди, бунга Ўш ва Қоракўлни мисол сифатида келтирсак бўлади. Биз тақиқни қўлламоқчи бўлганлар эса хонадонларни ижарага беришда давом этмоқда. Демак қонун ишламаяпти. Туризм соҳасидан патент учун аввал тушадиган пуллар энди келмай қўйди», – деди Акаев.

Хонадонларни меҳмонхона сифатида ижарага берувчилар учун жарима 2017 йилда жорий қилинган эди. Айрим туристик шаҳарларда хорижлик сайёҳларга хонадонларни ижарага бериб пул топадиган тадбиркорлар норозилик акциясига чиқишди. Жумладан Қоракўлда ўнлаб тадбиркорлар президент ва депутатларга мурожаат қилиб қонунни қайта кўриб чиқишга чақирдилар. Уларнинг фикрича, тақиқлар кучга кириши билан даромаддан маҳрум бўлишар экан.

Июнь ойида Конституцион палата кўпхонадонли уйларни соатбай ва кунбай ижарага бериш Конституцияга зид келмаслиги борасида қарор қабул қилди.

2017 йил сўнгида ҚР Жоқорғу Кенеш депутатлари тақиқлов бекор қилинишини таклиф қилишди, аммо ўшанда қонун лойиҳаси қабул қилинмади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ