Қирғизистон ва Тожикистон чегаранинг яна 38 километрини аниқлаштириб олди

Икки давлат ўртасидаги чегара минтақада энг нотинч ҳисобланади.

Қирғизистоннинг Боткен шаҳарчасида давлат чегарасини аниқлаш устида биргаликда ишлаган топограф ишчи гуруҳлар Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 38.35 километри бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда «Ховар» ахборот агентлиги хабар берди.

Навбатдаги учрашув энди Тожикистон ҳудудида ўтказилади.

Аввалроқ, Боткенда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашуви ҳам бўлиб ўтган эди. Делегацияларга ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.

Делегация раҳбарларининг қўшма баёнотида айтилишича, жами икки давлат ўртасидаги чегаранинг 90% борасида ҳозирча англашув мавжуд. Чегаранинг қолган 10% масаласи ҳам баҳоргача ҳал этилади, деган эди Ташиев ва Ятимов.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ