Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 24.kg нашрини “уруш ташвиқотида” айбламоқда

24.kg нашрининг раҳбари Асел Оторбоева ва бош муҳаррирлари Антон Лимар ва Махинур Ниёзова 15 январь куни МХДҚ томонидан сўроқ қилингандан сўнг қўйиб юборилган.

Нашрнинг ўзи маълум қилишича, журналистлар “уруш ташвиқоти” моддаси бўйича қўзғатилган жиноий ишга гувоҳ сифатида жалб қилинган бўлиб, улар тафсилотларни ошкор қилмаслик тўғрисида тилхат имзолаган.

Асел Оторбоева иш доирасида ўтказилган экспертиза хулосаларига мутлақо рози эмаслигини билдирди.

Аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси таҳририятдаа тинтув ўтказиб, барча электрон жиҳозларни олиб кетган эди. Тинтув ҳам қўзғатилган жиноят иши доирасида ўтказилган.

2023 йил сентябрида Россияда 24.kg ахборот агентлиги блокланган эди. Бунга Украинадаги урушни ёритган мақолалалар сабаб бўлган.

«Инсон ҳуқуқлари йўлида халқаро ҳамкорлик» ташкилоти нашр атрофидаги воқеаларни “хавотир уйғатувчи” деб атаган. Халқаро Матбуот институти ҳам нашр таҳририятидаги тинтувларни шахсий дахлсизлик ва ОАВ манбаларини ҳимоя қилиш ҳуқуқини очиқдан-очиқ бузиш деб атаган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ