Тошкент Бишкек билан “бирга қурадиган” Қамбарота-1 га ЖБ $ 5 млн берадиган бўлди

Жаҳон банки Қирғизистонда қуриладиган Қамбарота-1 ГЭСи лойиҳасининг техник-иқтисодий асосламасини ишлаб чиқиш учун 5 миллион доллар берадиган бўлди.

Бу борадаги шартнома 14 ноябрь куни Бишкекда Қирғизистон молия вазири Алмаз Бакетаев ва Жаҳон банкининг мамлакатдаги ваколатхонаси раҳбари Навид Ҳассан Нақвий томонидан имзоланди.

Аввалроқ Жаҳон банки мазкур лойиҳа учун имтиёзли кредит беришга розилик билдирганди. Ўшанда 3 миллион доллар 10 йиллик имтиёз даври билан 50 йилга фоизсиз берилиши, 2 миллион доллар эса донорлик гранти сифатида берилиши билдирилган.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йилнинг 9 мартида Тошкентда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров билан Қамбарота-1 ГЭСни биргаликда барпо этишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилгани тўғрисида хабар берилган эди.

Мазкур ГЭС қурилишига ўз даврида президент Ислом Каримов қарши чиққан ва бу лойиҳа Марказий Осиёда экологик муаммоларни келтириб чиқаришини иддао қилганди.

Жорий йилнинг 6 январида Бишкекда Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраев ва Қозоғистон энергетика вазири Болат Акчулаков Қамбарота-1 ГЭСи қурилиши лойиҳаси бўйича “йўл харитаси”ни имзолаганди.

Бу ҳужжатга асосан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ГЭСни бошқарувчи ширкат ташкил этади. Унинг 34 фоизи Қирғизистонга, 33 фоиздани эса Ўзбекистон ва Қозоғистонга тегишли бўлади.

Қирғизистон ҳукумати ГЭСни барпо этиш учун таҳминан 2 миллиард 916 миллион доллар талаб қилинишини билдирган. Экспертлар эса лойиҳа қиймати камида 4-5 миллиард доллар эканини айтмоқдалар.

Қирғиз ҳукуматининг маълум қилишича, ГЭС қурилиши 2024 йилда бошланади ва 2028 йилда фойдаланишга топширилади. Мазкур ГЭС 1860 МВт қувват билан йилига 5,6 миллиард кВт соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ