Қирғизистонда Kloop нашрининг қирғизча саҳифаси блокланди

Регулятор Kloop нашрини қийноқлар ҳақидаги мақоласи деб блоклади.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги Kloop.kg нашрини тергов изоляторидаги қийноқлар ҳақидаги материални олиб ташламагани учун блоклади.

Бу ҳақда нашрнинг ўзи хабар берди.

Аввалроқ нашрга Қирғизистон Маданият вазирлигидан “Сиёсатчи Равшан Жээнбеков изоляторда қийноққа солинаётганини айтди” номли мақоласини икки иш куни ичида сайтдан олиб ташлаш тақдимнома берилган.

Тақдимномада регулятор мазкур материалда “ёлғон маълумотлар” кетганини таъкидлаган. Бироқ айнан қайси пункт нотўғри эканига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, регулятор ўз хатида тақдимномага сабаб Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг мурожаати бўлганини маълум қилган.

Журналистларга кўра, Маданият вазирлиги «ёлғон» деб ҳисоблаган маълумот мухолифатчи Равшан Жээнбековнинг мақолада келтирилган иддаолар бўлиши мумкин. У Бишкекдаги изоляторнинг ертўласида жойлашган “нам ва совуқ камера”га ўтказилганидан ҳамда МХДҚ буйруғи билан қийноқларга солинаётганидан” шикоят қилган.

Август охирида Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини (Kloop.kg сайтини) тугатиш бўйича судга даъво киритгани маълум бўлди. Даъвода, хусусан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўтказган текширув сайтда “эълон қилинган материаллар амалдаги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилгани” ва “аксарияти давлат ва маҳаллий бошқарув орган вакилларини обрўсизлантиришга қаратилгани, тўлалигича салбий характерда эканлигини» кўрсатганлиги айтилган.

Нашр прокуратура даъвосини “сўз эркинлигига мисли кўрилмаган босим” деб атаган. Ташкилот адвокатлари назорат органининг даъвосига эътироз киритмоқчи.

«Клооп» журналистларининг Жалолободда «Барселона» футбол академиясининг очилишига бағишланган суриштирувида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг ўғиллари билан қочоқ собиқ президент Қурманбек Бакиев кланига алоқадор россиялик тадбиркор ўртасидаги ришталар мавжудлиги фош этилган.

Кейинроқ президент Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳақиқатдан ҳам “ушбу лойиҳада Ташиевлар, Жапаровлар ва бошқа хорижий инвесторлар иштирок этаётганини” тасдиқлаган. Шу билан бирга, президент «Клооп» нашри “қирғиз халқига фойда эмас, фақат зарар келтираётганини” таъкидлаган ҳамда “Ташиевлар ва Жапаровлар мамлакатга имкониятларни тортиб келаётганидан хурсанд бўлишга” чақирган.

Аввалроқ халқаро «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» (CPJ), Human Rights Watch (HRW) ҳамда қирғиз журналистлари даъвони қайтариб олишга чақирган эди. Қатор нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Европа Иттифоқидан ушбу мустақил нашрни тугатиш ҳаракатларига эътибор беришни сўраган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ