Қирғизистон ва Тожикистон чегаранинг яна 18 километрини аниқлаштириб олди

Мазкур чегара минтақада энг нотинч ҳисобланади.

Тожикистоннинг Бўстон шаҳарчасида давлат чегарасини аниқлаш устида биргаликда ишлаган топограф ишчи гуруҳлар Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 17,98 километри бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Октябрь бошида Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида учрашган қирғиз ва тожик топографлари чегаранинг 43 километрини аниқлаштириб олган эди.

Навбатдаги учрашув энди Қирғизистон ҳудудида ўтказилади.

Аввалроқ Боткен ва Бўстонда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтгани эди. Делегацияларга ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.

Учрашувда чегараларни аниқлаш, делимитация ва демаркация қилиш ишларини тезлаштириш масалалари муҳокама қилинган.

Сентябрь ойида Боткенда ҳукумат делегациялари бу борадаги протокол тузган эди. Томонларнинг айтишича, ушбу протокол аввал тожик-қирғиз чегарасидаги можароларини келтириб чиқарган барча масала ва муаммоларни ҳал қилиши лозим.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ