Бишкекка илк электробуслар 2024 йилда кириб келади

Бишкек ҳокимининг ўринбосари Максатбек Сазикуловнинг Озодликка маълум қилишича, жами 120 та электробус харид қилинган.

“Кейинги йилнинг биринчи ва иккинчи чорагида 120 та электробус келиши кутилмоқда. Бу электр энергияси асосида ишлайдиган жуда қулай автобуслар. Сифати троллейбусларники билан бир хил, лекин улар ҳаракатчанроқ. Бир заряд 300 километрга етади”, – дея тушунтирди у.

2022 йил охирида ўша пайтдаги табиий ресурслар ва экология вазири Динара Кутманова Бишкекдаги ҳаво ифлосланишига қарши кураш доирасида 2023 йилда “яшил йўналишлар” жорий этилиб, унда фақат электромобиллар ва электробуслар ҳаракатланишини айтган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг май ойида Хитойга давлат ташрифи мобайнида, жумладан, Zhongtong bus Holding Co., автобус ишлаб чиқариш заводига борган эди. Ташрифдан сўнг Қирғизистон ушбу заводдан газда юрадиган 1000 дона автобус сотиб олаётгани ҳақила хабар берилган эди. Янги автобуслар Қирғизистон бюджетига қанчага тушиши ҳақида аниқлик киритилмаган. Бу йил мамлакатга 500 дона, 2024 йилда яна 500 та автобус келтирилиши режалаштирилган. Автобусларнинг илк партияси Бишкекка 13 август куни кириб келган.

Қирғизистон Бош прокуратураси 2022 йил октябрь ойида Хитойнинг Zhongtong bus Holding компаниясидан 120 та автобус харид қилишда қонун бузилиш ҳолатлари аниқланганини, Бишкек ҳокимлиги томонидан давлатга 154,8 млн. сўм зарар келтирилганлигини маълум қилган эди.

Ҳокимлик балансида ҳозирда 476 та транспорт воситаси бўлиб,300 дан ортиқ автобус яроқсиз ҳолга келиб қолган. Айни пайтда шаҳар кўчаларида 130 та троллейбус ва 82 та автобус хизмат қилмоқда.

Bo'limsiz

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ