Қирғизистон медиажамоати ҳукуматни журналистларнинг шахсий ҳаётига аралашмасликка чақирди

7 ноябрда, Ахборот ва матбуот кунида, қирғиз медиажамоати амалдорларга мурожаат йўллаб, қирғиз журналистикасида сўз ва фикр билдириш ҳуқуқи бўғилаётганидан шикоят қилди.

Баёнотда таъкидланишича, “эркин ОАВ, мустақил журналистлар ва блогерларга ҳокимият ва махсус яратилган троллар фабрикалари мисли кўрилмаган тарзда босим қилмоқда”.

“Босимнинг энг хунук усулларидан бири шахсий ҳаётга аралашиш бўлмоқда. Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда қонунчиликка зид равишда шахсий видеолар, оилавий суҳбатлар, интим суратлар ва қонун билан қўриқланадиган бошқа шахсий маълумотлар тарқатилмоқда. Бунга Kloop журналисти ва Temirov Live ходимаси билан яқинда юз берган воқеалар мисол бўла олади. Конституция ҳар кимнинг шахсий дахлсизлигини кафолатлайди. Ҳукуматга керак бўлганда, арзимаган сабаб деб ОАВни тақиқлайди, ўзгача фикрга эга бўлган фуқарони тезда аниқлайди, бироқ журналист ва блогерларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларнинг тарқалишига чек қўйиш учун ҳеч нарса қилмайди”, — дейилади мурожаатда.

Қирғиз журналистлари шунингдек парламентда кўриб чиқилаётган «ОАВ тўғрисида»ги ва «ННТлар тўғрисида»ги қонун лойиҳалари мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтларининг бутунлай йўқ қилинишига олиб келишидан ҳавотирда эканлигини айтмоқда.

Ахборот ва матбуот куни муносабати билан мустақил ОАВлар “Куч эркинликда” онлайн акцияси бошлаган.

Сўнгги йилларда сўз эркинлиги бўйича халқаро рейтингларда Қирғизистон мавқеи сезиларли пасайган. Хусусан, 2023 йилда Қирғизистон Freedom House ташкилотининг “Дунёда эркинлик” ҳисоботида учинчи марта “эркин бўлмаган” давлатлар қаторидан жой олган.

Шу билан бирга, Қирғизистон ҳукумати мамлакатда сўз эркинлиги мавжудлигини иддао қилмоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ