Қирғизистонда ўқув йили 30 майда тугайди, сўнгги қўнғироқ онлайн ўтказилади

Қирғизистонда ўқув йили 30 майда тугайди. Бу ҳақда 15 май куни Таълим ва фан вазирининг ўринбосари Надира Жусупбекова маълум қилди.

«Биринчидан, баҳорги таътиллар аввалигдан анча чўзилиб кетди, иккинчидан, 1 майдан 5 майгача дам олиш бўлди. Ўқув дастурини тўла ўзлаштириш, ўқувчилар якуний ишларни бажаришлари ва ўқитувчиларга савол беришлариучун, ўқитувчилар эса уларнинг саволларига жавоб қайтаришларига имкон бериш учун ўқув йилини узайтиришга қарор қилинди», – деди вазир ўринбосари.

Унинг маълум қилишича, коронавирус тарқалиши муносабати билан бу йил анъанавий сўнгги қўнғироқ бўлмайди, тадбир онлайн-форматида 30 май куни ўтказилади.

Бундан ташқари, коронавирус инфекцияси тарқалиши ва ўқувчилар масофадан ўқитилгани боис бу йил синфдан синфга ўтказиш имтихонлари бекор қилинади.

«Ўтиш имтиҳонларини ҳамма ҳам топширмади, масофавий ўқитиш шароитларида ўқувчиларни бир синфдан кейинги синфга ўтказиш назорат иши ва қўшимча ишлар натижаларига қараб амалга оширилади. Якуний аттестациясига ҳам ўзгартиш киритилди. У қуйидаги тартибда амалга оширилади: ҳар бир мактаб директори фан комиссиясини тузади, унга кўра ҳар бир синф раҳбари ҳар бир ўқувчи тўғрисида – чорак, ярим йиллик, назорат иши, лаборатория иши, амалиёт, умумий ютуқлар, масалан олимпиадаларда, танловларда иштироки бўйича маълумот беради. Мана шу маълумотлар асосида имтиҳон баҳоси белгиланади ва аттестатда ўз аксини топади», -дея изоҳ берди вазир ўринбосари.

Унинг айтишича, ўқувчилар қониқарсиз баҳо олган тақдирларида шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Битирувчилар учун умумреспублика имтиҳонлари 21 июндан мамлакатдаги 180 тест марказларида бинолар дезинфекция қилингани ва хавфсизлик чоралари кўрилганидан сўнг ўтказилади.

15 май куни Қирғизистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 1111 ҳолат аниқланди, соғайиб кетганлар сони – 745 нафарни, вафот этганлар сони – 14 нафарни ташкил қилади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ