Россия ТИВ: Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритиш тарафдорлари жуда оз

Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистонда ўзбек тилида иш юритиш тартибини бузган мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳасининг тарафдорлари оз деб ҳисоблайди.

Новости агентлигининг 14 майда билдиришича, бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Москвада ўтган брифинг пайтида гапирган.

«Биз мазкур қонун лойиҳаси юзасидан матбуотда бошланган баҳс-мунозараларга эътибор қаратдик. Шундай тасаввур пайдо бўладики, қонун лойиҳаси тарафдорлари озчиликни ташкил қилмоқда. Кўпчилик шарҳлар рус тилининг расмий доирада тўлиқ равишда қўлланилиши тарафдорлари кўп эканидан гувоҳлик бермоқда. Бу икки томонлама муносабатларнинг тарихий ва замонавий руҳига мос келади. Энг муҳими бу Ўзбекистон фуқароларининг манфаатига ҳам мос келади”, деб иқтибос келтиради агентлик Мария Захарова сўзларидан.

Захарова Ўзбекистон илтимоси билан Россия рус тилидаги тўлақонли ўқув дастурларини яратиш жараёнида иштирок этаётганини билдирди.

“Бу ерда гап Ўзбекистонни ўқув, методик, бадиий адабиёт билан таъминлашни кўпайтириш, қўшимча равишда рус тили марказларини очиш, ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларига рус тили бўйича экспертларни жўнатиш, олийгоҳларда “Рус филологияси” йўналиши бўйича ўзбекистонлик абитуриентларга бериладиган квота миқдорини ошириш ҳақида бормоқда”, деди Захарова.

Апрель ойида Адлия вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиққан эди.

“Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, дейилади лойиҳада.

Конституциянинг 4-моддасида Ўзбекистонда давлат тили ўзбек тили экани белгиланган. “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 9-моддасида эса давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилиши ва зарур бўлган ҳолларда бошқа тилларга таржима қилиниши қайд этилган.

Бироқ қонунчиликда бу тартибга амал қилмаганларни жавобгарликка тортиш масаласи белгиланмаганди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ