Қирғизистон ва Тожикистон чегаранинг яна 43 километрини аниқлаштириб олди

Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади.

Топографик ишчи гуруҳлар Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 43,32 километри бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.

Қирғизистоннинг Боткен шаҳрида 3 октябрдан 8 октябргача чегарани аниқлаш устида биргаликда ишлаган қирғиз ва тожик топографлари навбатдаги учрашувни Тожикистон ҳудудида ўтказади.

Аввалроқ Боткенда Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтгани эди. Делегацияларга ҳар икки давлат миллий хавфсизлик идоралари раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов раҳбарлик қилган.

Учрашувда чегараларни аниқлаш, делимитация ва демаркация қилиш ишларини тезлаштириш масалалари муҳокама қилинган ва бу борадаги протоколга қўл қўйилган. Томонларнинг айтишича, ушбу протокол аввал тожик-қирғиз чегарасидаги можароларини келтириб чиқарган барча масала ва муаммоларни ҳал қилиши лозим.

Қирғизистон-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970-980 километрни ташкил қилади. 2022 йилгача бу чегаранинг 664 километри бўйича келишувга эришилган. Мазкур чегара ҳудуди минтақада энг нотинч ҳисобланади. 2021 йил ёзида, 2022 йил кузида икки давлат чегарачилари ўртасида бўлиб ўтган қисқа муддатли урушларда ҳар икки томондан ўнлаб киши ҳалок бўлган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ