Россия Қирғизистон ва Тожикистонни кескин баёнотлардан тийилишга чақирмоқда

Россия Ташқи ишлар вазирлиги “Бишкек ва Душанбе ўртасида чегаравий муаммолар билан боғлиқ мунозара шиддати ошиб кетаётганидан» хавотирда эканлигини билдирди.

Россия ТИВ баёнотида ҳар икки давлат ҳам Россиянинг стратегик ҳамкорлари ва иттифоқчилари эканлиги, РФ «Марказий Осиё минтақасида барқарорликни таъминлаш мақсадида КХШТга аъзо давлатлар ўртасида низоларни олдини олишдан манфаатдор эканлиги” таъкидланган.

«Постсовет ҳудудидаги қуролли можаролардан, биринчи навбатда, ўз ғаразли мақсадларини кўзлаётган «коллектив Ғарб» манфаатдор» деб ҳисоблайди ТИВ.

Россия томонларни баҳс-мунозарани сиёсий ва дипломатик усуллар билан ҳал қилишга, кескин баёнотлар ва шошқалоқ қадамлардан тийилишга чақирди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги навбатдаги дипломатик жанжал 15 сентябрь куни, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг гапларидан кейин алангаланган. Ташиев “архивлардан янги топилган ҳужжатларга кўра, Қирғизистоннниг кўплаб ерлари Тожикистонга бериб юборилганлигини» айтган. “Агар қўшни давлат бизга нисбатан ҳудудий даъволаридан воз кечмаса, биз ҳам асосли равишда қўшниларимизга даъволаримизни айтишимиз мумкин”, — деган махсус хизмат раҳбари.

Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Эрлан Абдилдаев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга “тожик-қирғиз чегараси масаласи бўйича юқори лавозимдаги мансабдорнинг иддаолари Тожикистон томонини хавотирга солгани» билдирилган.

Жанжал оловини пасайтириш мақсадида Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси ҳошиясида учрашган ва чегара масалаларини муҳокама қилган.

Бу Раҳмон ва Жапаровнинг охирги ўн кунда иккинчи учрашувидир. Улар 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V маслаҳат учрашуви ҳошиясида ҳам учрашган эди.

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги умумий чегара узунлиги 972 километрни ташкил этган бўлиб, шундан 664 километри борасида ўзаро англашувга эришилган. Қолган 300 километр борасида баҳслар ҳамон давом этмоқда. Икки қўшни давлат аҳолиси ва чегарачилар ўртасида тез-тез содир бўлиб турадиган тўқнашувлар бир неча бор деярли давлатлараро урушга айланиб кетай деган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ