Ереванда намойишчилар ҳукуматдан Тоғли Қорабоғдаги вазиятга аралашишни талаб қилмоқда

Озарбайжон армияси тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилгандан сўнг, Ереван марказига норозилар йиғила бошлаган. Улар Арманистон Тоғли Қорабоғдаги вазиятга аралашиши лозимлигини айтиб, ҳукумат истеъфосини талаб қила бошлаганлар.

Намойишчиларнинг яна бир гуруҳи Россия элчихонаси олдида митинг ўтказди. Намойишчилар Россия тинчликпарвар кучларидан вазиятга аралашишни ва маҳаллий арман аҳолисини ҳимоя қилишни талаб қилмоқда.

 

Аввалроқ Россия Давлат думаси мудофаа бўйича қўмитаси раҳбари Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар кучлар ўзига ҳеч қандай таҳдид бўлмаса, қурол ишлатишга ҳаққи йўқлигини маълум қилганди.

Россия Мудофаа вазирлиги тинчликпарвар кучлар аҳолини энг хавфли ҳудудлардан эвакуация қилишда иштирок этаётганини билдирди. Вазирликнинг айтишича, бир кунда 500 га яқин одам, жумладан 200 нафар болалар Россия тинчликпарвар контингенти назоратидаги ҳудудга ўтган.

Озарбайжон армияси 19 сентябрь куни тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий амалиёт ўтказилишини эълон қилди. Амалиётдан мақсад “конституциявий тузумни тиклаш” экани айтилган.

Хабарларга кўра, Қорабоғ ва Арманистон армияси объектларига зарбалар бериляпти.

Пашинян Тоғли Қорабоғда Арманистон армияси йўқ эканини қайд этган. Унинг иддаосича, Озарбайжон армиясининг Қорабоғдаги амалиёти этник тозалашга қаратилган.

Боку Арманистон ва Тоғли Қорабоғни террор хуружларини уюштирганликда айблаган. Бунга 19 сентябрь куни Автомобиль йўллари ва ҳарбий транспорт давлат агентлиги автомобилининг минага дуч келиб, портлагани сабаб бўлган. Иддаога кўра, портлаш натижасида озарбайжонлик ҳарбийлар ҳалок бўлган ва яраланган.

Аҳолисининг аксариятини арман миллатига мансуб кишилар ташкил қилган Тоғли Қорабоғ мухтор вилояти Совет Иттифоқи тарқалишга юз тутган йилларда Боку ва Ереван ўртасидаги тўқнашув нуқталаридан бирига айланган. Томонлар бир-бирларини этник тозалашларда айблашган, 1992-1994 йиллардаги уруш натижасида минтақа ва мухтор вилоят ҳудудига кирмаган қўшни ҳудудлар феълан мустақилликка эришган, бироқ уни дунёдаги ҳеч бир мамлакат тан олган эмас.

2020 йили Иккинчи Қорабоғ уруши чоғида минтақа ҳудудининг бир қисми Боку назорати остига қайтган. Озарбайжон ҳудудлар устидан назорат тўла тикланишидан бошқа можарони ҳал қилишнинг бошқа йўлини кўрмаётганини эълон қилган.

У ерда яшовчи арманлар Бокуни этник тозалашлар ва тинч аҳоли вакилларига қарши кўплаб жиноятларда айблаб келишмоқда. 2022 йил декабридан буён минтақа Озарбайжон армияси томонидан феълан қамал қилинган ҳолда турибди. 2023 йил августида Степанакертдаги арман расмийлари тан олинмаган республика ҳудудида очлик бошлангани ва ундан бир киши ўлгани ҳақида баёнот тарқатишган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ