Қирғизистон ва Тожикистон президентлари Нью-Йоркда яна учрашди

Бу Раҳмон ва Жапаровнинг охирги ўн кунда иккинчи учрашувидир. 

Тожикистон ва Қирғизистон президентлари Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессияси ҳошиясида алоҳида учрашиб, чегара масалаларини муҳокама қилди.

Имомали Раҳмон ва Садир Жапаров ўртасидаги учрашув Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг Душанбенинг норозилигига сабаб бўлган шов-шувли баёнотидан кейин бўлиб ўтди.

Қирғизистон президенти матбуот хизматининг хабар беришича, икки давлат раҳбарлари “қирғиз-тожик ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва истиқболларини” муҳокама қилган. Икки давлат президенти қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратганлиги айтилмоқда.

Тожикистон президенти матбуот хизмати ҳам ушбу учрашув ҳақида хабар берди, бироқ чегара масаласи муҳокама қилинганлиги ҳақида ҳеч нарса айтмаган.

Бу Раҳмон ва Жапаровнинг сўнгги кунлардаги иккинчи учрашувидир. Улар 14 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг V маслаҳат учрашуви ҳошиясида ҳам учрашган эди. Учрашувнинг эртасида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев “янги топилган ҳужжатларга кўра, Қирғизистоннниг кўплаб ерлари Тожикистонга бериб юборилганлигини» айтган. “Агар қўшни давлат бизга нисбатан ҳудудий даъволаридан воз кечмаса, биз ҳам асосли равишда қўшниларимизга даъволаримизни айтишимиз мумкин”, — деган Ташиев.

Қирғизистоннинг Тожикистондаги элчиси Эрлан Абдилдаев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган ва унга “тожик-қирғиз чегараси масаласи бўйича юқори лавозимдаги мансабдорнинг иддаолари Тожикистон томонини хавотирга солгани» билдирилган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ