Европа Иттифоқидан Қирғизистонда «Клооп»ни ёпиш ҳаракатларига муносабат сўралмоқда

Қатор нуфузли халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Қирғизистондаги Kloop.kg мустақил нашрини тугатишга ҳаракатлар юзасидан баёнот берди.

Баёнотда қирғиз расмийларидан даъвони қайтариб олиш ва ОАВ таъқибини бас қилиш сўралмоқда.

“Шунингдек, биз Европа Иттифоқи ва Қирғизистоннинг бошқа халқаро ҳамкорларидан ушбу мурожаатни қўллаб-қувватлашни ҳамда сўз эркинлиги каби муҳим ҳақ-ҳуқуқлар борасидаги халқаро мажбуриятларга беписандлик Қирғизистон билан ҳамкорликда муайян оқибатларни келтириб чиқишини билдиришни сўраймиз”, — дейилади баёнотда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қўшимча қилишича, даъводаги важлар Клооп нашри “амалдорлар учун ноқулай мавзуларни мустақил ёритганига қасос эканлигини яққол кўрсатиб турибди”.

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик (IPHR) эълон қилган баёнотни Freedom Now, Инсон ҳуқуқлари бўйича Хелсинки жамғармаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация, Норвегия Хелсинки қўмитаси, Қийноқларга қарши Бутунжаҳон ташкилоти кабилар ҳам имзолаган.

Аввалроқ халқаро «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» (CPJ), Human Rights Watch (HRW) ҳамда қирғиз журналистлари даъвони қайтариб олишга чақирган эди.

Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини (Kloop.kg сайтини) тугатиш бўйича судга даъво киритгани 28 август куни маълум бўлди. Даъвода, хусусан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўтказган текширув сайтда “эълон қилинган материаллар амалдаги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилгани” ва “аксарияти давлат ва маҳаллий бошқарув орган вакилларини обрўсизлантиришга қаратилгани, тўлалигича салбий характерда эканлигини» кўрсатганлиги айтилган.

Нашр прокуратура даъвосини “сўз эркинлигига мисли кўрилмаган босим” деб атаган. Ташкилот адвокатлари назорат органининг даъвосига эътироз киритмоқчи.

Аввалроқ Жалолободда «Барселона» футбол академиясининг очилишига бағишланган «Клооп» журналистик суриштируви Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг ўғиллари билан қочоқ собиқ президент Қурманбек Бакиев кланига алоқадор россиялик тадбиркор ўртасидаги ришталар мавжудлиги фош этилган.

Кейинроқ президент Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳақиқатдан ҳам “ушбу лойиҳада Ташиевлар, Жапаровлар ва бошқа хорижий инвесторлар иштирок этаётганини” тасдиқлаган. Шу билан бирга, президент «Клооп» нашри “қирғиз халқига фойда эмас, фақат зарар келтираётганини” таъкидлаган ҳамда “Ташиевлар ва Жапаровлар мамлакатга имкониятларни тортиб келаётганидан хурсанд бўлишга” чақирган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ