Халқ ҳофизи Шерали Жўраев вафот этди

Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраев 4 сентябрь куни 76 ёшида оламдан ўтди. Ҳофизнинг вафотига оид маълумотни Озодликка Ўзбекистон Маданият вазирлигидаги манба тасдиқлади.

Аввалроқ Шерали Жўраевнинг хаста экани айтилган эди. Озодлик манбасининг билдиришича, яқинлари уни душанба куни шифохонадан олиб келишган. Айни пайтда ҳофизнинг жаноза муддати эълон қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти унвонига эга Шерали Жўраев 1947 йили Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилган.

Маданият вазирлиги қайдича, у 1971 йили Тошкент театр ва рассомчилик институтини тамомлаганидан сўнг меҳнат фаолиятини 1972 йилда “Шодлик” ашула ва рақс ансамблида хонанда сифатида бошлаган.

1979-1986 йиллар орасида Андижон вилояти филармонияси хонандаси, 1986-1996 йилларда Ўзбекистон давлат филармонияси хонандаси, 1996-2017 йилларда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси хонандаси, 2017 йилда шу кунга қадар эса “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси сифатида самарали ижод қилиб келган.

Ҳофизнинг кўплаб қўшиқлари ҳаётлигидаёқ ўзбек қўшиқчилик санъатининг мумтоз намунасига айланиб улгурган. ‘Ўзбегим”, “Биринчи муҳаббатим”, “Аввалгиларга ўхшамас”, “Онагинам”, “Излангиз”, “Карвон”, “Сарбон”, “Аста-аста”, “Ошиқ бўлдим”, “Кўрмишам”, “Атиргулим”, “Гулбадан”, “Парижон” ва бошқа ўнлаб қўшиқ шулар жумласидандир.

Қўшиқчиликда ўз мактабига асос солгани айтиладиган Шерали Жўраевга 1981 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 1987 йили “Ўзбекистон халқ артисти” берилган. 1991 йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотига сазовор бўлган ҳофиз бир қанча орден ва медаль билан ҳам тақдирланган.

Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда ҳам яхши танилган ва севилган Шерали Жўраевга 2018 йилда расмий Душанбе “Тожикистон халқ артисти” унвонини берган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ