Қирғиз журналистлари Клооп нашрини тугатиш даъвоси юзасидан баёнот берди

Қирғизистон медиа ҳамжамияти Бишкек прокуратурасининг «Клооп Медиа» жамоат фондини тугатиш тўғрисидаги даъвоси юзасидан баёнот берди.

Баёнотда қайд этилишича, прокуратура даъвоси асоссиздир, чунки даъвода келтирилган “сиёсатни кескин танқид қилиш” ва “доимий салбий баёнотлар” иддаолари Қирғизистон Конституциясида кафолатланган сўз эркинлиги ва ҳукуматни танқид қилиш ҳуқуқидир.

“Қирғизистон қонунчилигида мансабдор шахслар танқидга нисбатан бағрикенг бўлиши мустаҳкамланган, бу улар ўз ваколатларини шаффоф ва масъулиятли амалга оширишлари учун зарурийдир. […] Интернетда маълумотларни қидириш, фойдаланиш, тарқатиш ва сақлаш ҳуқуқи ҳеч қандай рухсатни талаб қилмайди. Демак, «Клооп» таҳририяти қонуний ишламоқда”, — дейилади баёнотда.

Қирғиз медиа ҳамжамиятининг эслатишича, суд юридик шахс фаолиятини фақатгина қонун талаблари мунтазам равишда бузилиб, бу ижтимоий хавфли оқибатларга олиб келганда, ҳамда буни исботлайдиган далиллар мавжуд бўлсагина тугата олади. Бироқ прокуратуранинг даъвосида бундай асосли далиллар келтирилмаган.

Мурожаатчилар «Клооп Медиа» ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ва ҳокимиятдаги эҳтимолий коррупция фактларини ёритиб келаётганини, шунинг учун прокуратуранинг иддаоси сиёсий қарор бўлиб, мустақил ОАВни йўқ қилишга қаратилган мақсадли ҳаракатларнинг бир қисми бўлиб кўринаётганини таъкидлаган.

Мурожаат муаллифлари прокуратурани ўз даъвосини қайтариб олишга чақирган. Баёнотни «Медиа Полиси Институти», Мустақил Журналистлар уюшмаси, шунингдек, қатор таҳририятлар ва журналистлар имзолаган.

Аввалроқ халқаро «Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси» (CPJ) даъвони қайтариб олишга чақирган эди.

Бишкек прокуратураси «Клооп Медиа» жамоат фондини (Kloop.kg сайтини) тугатиш бўйича судга даъво киритгани 28 август куни маълум бўлди. Даъвода, хусусан, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ўтказган текширув сайтда “эълон қилинган материаллар амалдаги ҳукумат сиёсатини кескин танқид қилишга қаратилгани” ва “аксарияти давлат ва маҳаллий бошқарув орган вакилларини обрўсизлантиришга қаратилгани, тўлалигича салбий характерда эканлигини» кўрсатганлиги айтилган.

Нашр прокуратура даъвосини “сўз эркинлигига мисли кўрилмаган босим” деб атаган. Ташкилот адвокатлари назорат органининг даъвосига эътироз киритмоқчи.

Аввалроқ Жалолободда «Барселона» футбол академиясининг очилишига бағишланган «Клооп» журналистик суриштируви Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевнинг ўғиллари билан қочоқ собиқ президент Қурманбек Бакиев кланига алоқадор россиялик тадбиркор ўртасидаги ришталар мавжудлиги фош этилган.

Кейинроқ президент Садир Жапаров “Кабар” давлат ахборот агентлигига берган интервьюсида ҳақиқатдан ҳам “ушбу лойиҳада Ташиевлар, Жапаровлар ва бошқа хорижий инвесторлар иштирок этаётганини” тасдиқлаган. Шу билан бирга, президент «Клооп» нашри “қирғиз халқига фойда эмас, фақат зарар келтираётганини” таъкидлаган ҳамда “Ташиевлар ва Жапаровлар мамлакатга имкониятларни тортиб келаётганидан хурсанд бўлишга” чақирган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ