Қирғизистонда ТикТокни тақиқлашмоқчи

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги мамлакатда ТикТок ижтимоий тармоғини тақиқлашга қарор қилди. Бу ҳақда 30 август куни вазирликнинг матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик баёнотида айтилишича, бу қарор ижтимоий тармоқ контенти таҳлилидан сўнг қабул қилинган. Мониторинг ТикТок болалар саломатлиги ва ривожланишига зарар етказувчи маълумотлардан фойдаланишга чекловлар қўймаслиги аниқлаган.

Мониторинг нодавлат ташкилотларнинг “ижтимоий тармоқ болаларнинг руҳий ривожланиши ва саломатлигига салбий таъсири қилаётгани» тўғрисидаги мурожаатлардан сўнг ўтказилган.

“ТикТок фойдаланувчини қисқа клипларнинг виртуал оламига олиб киради, уларни кўргандан сўнг ўсмирлар баъзи видеоларни такрорлашга уринади, бу қилиқларнинг баъзилари ҳаёт учун хавфлидир. Қолаверса, болалар руҳияти ҳамон беқарор бўлиб, у эндигина шаклланмоқда ва одатланишга олиб келадиган бундай мазмун ёш авлоднинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда”, — дейилади вазирлик баёнотида.

Вазирлик қарорни ТикТок тақиқи билан шуғулланиши лозим бўлган Рақамли ривожланиш вазирлигига юборганини айтган.

Аввалроқ Жогорку Кенеш депутатлари ҳам ижтимоий тармоқнинг болаларга “салбий таъсири”ни рўкач қилиб Қирғизистон ҳудудида ТикТокни блоклашни таклиф қилган эди.

Июнда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси август ойидан бошлаб интернет-трафикни бошқариш ва фильтрлаш имконини берувчи DPI (Deep Packet Inspection) технологиясидан фойдаланишни бошлаши мумкинлиги хабар қилинган эди.

ТикТок – бу қисқа видеоларни яратиш ва томоша қилиш ижтимоий тармоғидир. Ушбу дунёдаги энг кўп юклаб олинган иловалардан бири Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли. Аксар қирғизистонликлар ТикТокдан фаол фойдаланадилар, ўнлаб таниқли блогерлар ушбу хизматда контент яратишади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ