Хавфсизлик қўмитаси фуқароларни радикал диний оқимлардан узоқ бўлишга чақирмоқда

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фуқароларни ноанъанавий ва радикал диний оқимлардан сақланишга чақирмоқда. Махсус хизмат жамиятнинг радикаллашувининг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказаётгани ҳақида ҳам огоҳлантирган. Баёнотда асосан “Салафий” оқими (ҳаракати) ҳақида сўз боради.

«Қирғизистоннинг айрим фуқаролари мамлакат учун ноанъанавий диний оқимлар ҳақида бошқа давлатлардан ўрганиб, ватанига қайтганидан сўнг ўз мафкурасини тарқата бошлайди. Натижада таниқли ислом уламоларининг таълимотларини тан олмаган айрим диний гуруҳлар ва бошқа динга эътиқод қилувчилар пайдо бўлмоқда. Ноанъанавий “Салафий” диний оқими аъзолари намозда «Омин» деб баланд овозда айтиб, оёқларини жуда кенг ёйишади, «Такбир» пайтида қўлларини фақат кўкрак даражасида кўтаришади, намозда эса анъанавий “Ҳанафий” мазҳаби меъёрларига мос келмайдиган ҳаракатларни қилишади. Бундай ноодатий оқимларнинг олдини олиш мақсадида Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Муфтиёт халқимизни огоҳликка, диний билимларни ишончли манбалардан, таниқли дин арбобларидан олиш ва диний саводхонликни ривожлантиришга чақиради”, дейилади расмий баёнотда.

Шунингдек, хавфсизлик қўмитаси Қирғизистонда анъанавий исломга кўра намоз ўқиш намуналарини кўрсатган.

Қирғизистонда 3500 дан ортиқ диний ташкилот рўйхатга олинган. Мамлакатда 2,6 мингга яқин масжид, 100 га яқин мадраса, 10 та ислом институти мавжуд. Насронийликка йўналтирилган ташкилотлар сони 399 та, қолганлари бошқа динларга тегишли.

2003 йилдан бери суд Қирғизистонда 21 диний бирлашманинг террористик ва экстремистик ташкилот сифатида фаолиятини тақиқлаган.

Жорий йилнинг май ойида АҚШ Давлат департаменти мамлакатдаги диний эркинлик ҳолатига оид йиллик ҳисоботини эълон қилган ва қўшни давлатлар билан солиштирганда Қирғизистонда диний эътиқод эркинлиги борлиги, аммо диний озчиликларнинг ҳуқуқлари чеклангани таъкидланган.

 

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ