Қирғизистон Ўзбекистонга ён босдими – пансионатлар бўйича вазиятга Садир Жапаров ойдинлик киритди

Қирғизистон президенти Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилиш сабабини ўзи изоҳлади.

Садир Жапаров бунга Қирғизистоннинг халқаро суд қарори билан қўшни давлатга $40 миллион доллардан ортиқ пул тўлай олмагани сабаб бўлганини айтди.

Расмий Бишкек 2016 йили Ўзбекистондан қайтариб олган пансионатларни яна Тошкент бошқарувига бераётгани Қирғизистонда турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш агентлиги Иссиқкўлдаги «Дилором», «Олтин қум», «Роҳат» ва «Бўстон» номли тўртта пансионат Ўзбекистонга 49 йилга ижарага берилишини маълум қилган.

Унга кўра, ўзбекистонлик инвесторлар ҳар бир пансионат инфратузилмасини ривожлантириш учун $15-20 миллион доллар сармоя киритиш ниятида. Пансионат ери ва бинолари Қирғизистоннинг давлат мулки бўлиб қолади. Бундан ташқари, дам олиш уйи ходимларининг 80 фоизи ҳам Қирғизистон фуқаролари бўлади.

Қирғизистон собиқ Бош вазири Темир Сариев 2016 йилнинг апрелида имзолаган қарори асосида Иссиқкўлдаги тўрт пансионат Ўзбекистондан қайтариб олинган эди.

Бундан норози бўлган Ўзбекистон ҳукумати ҳалқаро судга мурожаат қилган. Даъвога кўра, 1992 йилда собиқ Совет Иттифоқи давлатлари ўртасида имзоланган ва СССР парчаланганидан кейин бошқа республика ҳудудида қолган объектлардан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган.

2017 йилнинг декабрида эса, мазкур масала ҳал қилингани ҳақида хабар қилинган. Сапар Исаков раҳбарлигидаги Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси билан шартнома тузишни таклиф қилган.

Янги ҳужжатга кўра, пансионатларнинг ерлари Қирғизистон мулки бўлиб қолиши, мулк яна Ўзбекистон томонига қайтарилиши керак эди.

Шу билан бирга, қўшнилар мулкка эгалик ҳуқуқини рўйхатдан ўтказгандан сўнг, пансионатларни йил бўйи ишлаши мумкин бўлган уч ёки тўрт юлдуз даражасига етказиш мажбуриятини олган.

Шартнома имзолангач, Ўзбекистон халқаро арбитраждан даъвони қайтариб олиши кўзда тутилган.

Хабарларга кўра, халқаро низоларни ҳал қилиш марказида Ўзбекистон даъвосини кўриб чиқиш 2023 йилнинг май ойида якунланган.

Қарорни Бош ҳакам Закари Дуглас қабул қилгани айтилмоқда.

Марказ 24.кг ахборот агентлигига Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги низо ҳақиқатан ҳам тугатилганини маълум қилган.

Аммо, айтилишича, томонлар қарорни ҳозирча ошкор қилмасликка келишиб олган ва икки давлат махфийлик тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаган.

Бугунги кунда томонларнинг ҳеч бири арбитраж суд натижаларига изоҳ бера олмаслиги худди шу сабаб билан изоҳланган.

Садир Жапаров нима дейди?

Президент Садир Жапаров «Кабар» давлат агентлигига берган интервьюсида Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг қўшни давлатга берилишига Қирғизистоннинг халқаро суд қарори билан Ўзбекистон томонига $40 миллион доллардан ортиқ пул тўлай олмагани сабаб бўлганини айтган.

«Жорий йилнинг май ойида суд қарори қабул қилинди, унга кўра Қирғизистон томони $40 миллион доллардан кўпроқ тўлаши керак. Биз Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бориб, объектларни 49 йилга ижарага бера олишимиз ҳақида келишиб олдик, улар пансионатларни тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар даражасида модернизация қилишади: Бизнинг суд қарорида айтилган миқдорда суммани тўлашга имконимиз йўқ», деган президент.

Жапаров Қирғизистон ҳукуматининг 2016 йили Иссиқкўл вилоятида жойлашган «Роҳат», «Олтин қум», «Бўстон» ва «Дилором» пансионатларини Ўзбекистондан тортиб олиш тўғрисидаги қарорини популистик, деб атаган.

«Ўшанда архив ҳужжатларини ўрганиш ва бу объектларнинг келажаги ҳақида ўйлаш керак эди. Агар халқаро судда бундай ҳаракат билан ютқазмаслигимиз учун кафолатлар бўлса, унда бундай ҳаракат мақсадга мувофиқ бўларди», дея тушунтирган Жапаров.

Унинг сўзларига кўра, 2016 йили Ўзбекистон Вашингтондаги халқаро судга $65 миллион доллар товон ундириш талаби билан мурожаат қилган.

2017 йили эса, ўша пайтдаги Бош вазир Сапар Исаков Ўзбекистон томонига мактуб йўллаб, унда тинч йўл билан тўртта пансионатни қайтариш масаласини ишлаб чиқиш ва даъвони қайтариб олиш орқали муаммони ҳал қилишни таклиф қилган. Аммо ўзбек томони даъволаридан воз кечмаган ва якунда судда ғалаба қозонган.

Жапаровнинг таъкидлашича, пансионатлар яроқсиз ҳолатга келган ва Қирғизистон кўтара олмайдиган катта сармояларни талаб қилади, бусиз ҳам республиканинг муҳим муаммолари мавжуд.

«Агар бу тўртта пансионат сотилса, уларни ҳеч ким $4 миллион долларга ҳам сотиб олмайди, $40 миллионни-ку гапирмасаям бўлади. Уларни беш-ўн йилга ижара бериш қуюшқонгаям сиғмайди, зеро тўрт-беш юлдузли меҳмонхоналар қурилиши шунча вақт олади. Ҳеч бир давлат ўз инвестицияларини тўлаш кафолати бўлмаса, катта маблағ киритишга рози бўлмайди», деб айтган Қирғизистон президенти Садир Жапаров ўз интервьюсида.

Кампиробод берилди, энди пансионатларми?

Infografika

СУРАТ МАНБАСИ,.

Расмий Бишкек пансионатларни Тошкент бошқарувига бераётгани қирғиз жамиятида турли норозиликларга сабаб бўлмоқда.

2001-2005 оралиғида Қирғизистон давлат мулкини бошқариш агентлигини бошқарган Равшан Жээнбеков Ўзбекистонга берилаётган пансионатлар бўйича ҳукумат халққа очиқ маълумот бериши кераклигини айтади.

«Тўртта пансионатни бериш бу – Кампирободни бериш билан баробар! Мен агентлик раиси бўлган пайтимда пансионатларни ўзбекларга бермаганман! Ҳукумат тўртта пансионатни Ўзбекистонга берилиши бўйича барча ҳужжатларни ошкор қилиши керак. Қирғиз халқи ер, давлат ва ҳокимият эгасидир. Халқимиз ҳокимиятнинг махсус ер масаласида қандай қарорлар қабул қилишини билишга ҳақли», дейди мухолиф сиёсатчи.

Унинг фикрича, тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилиши кўплаб саволларни туғдирмоқда. Шунинг учун ҳукумат халққа қуйидаги ҳужжатларни кўрсатиши керак.

«Вашингтон судининг қарори, қирғиз-ўзбек тинчлик келишув битими ва тўртта пансионатни 49 йилга ижарага бериш шартномаси ва шартларни очиққа чиқариш керак. Бу ҳужжатлар одамларга ҳақиқатни билишга ёрдам беради», дея таклиф қилмоқда Равшан Жээнбеков.

Маълумот ўрнида: Қирғизистоннинг Иссиқкўл соҳилида Ўзбекистон пансионатлари 1960-йиллар охирида, СССР Вазирлар Кенгаши бу кўлни Бутуниттифоқ курорт, деб эълон қилганидан кейин пайдо бўлган ва Қирғизистон ССРда пансионатлар қуриш учун маблағ йўқлиги сабабли буни амалга ошириш бошқа республикаларга берилган. Натижада қўшни ва бадавлат Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ҳар бири Иссиқкўлда тўрттадан пансионат қуришган.

СССР парчаланганидан кейин бу мулклар бўлина бошлаган. 1992 йили томонлар пансионатлар Қирғизистон мулкига ўтиши, аммо МДҲнинг бошқа давлатларининг юридик шахслари улардан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида келишиб оладилар. Яъни Қирғизистон бу пансионатлар учун ижара ҳақи ола бошлайди. 2008 йил март ойида Тошкент тўртта Иссиқкўл пансионатига эгалик ҳуқуқини тан олишга уринган. 2009 йил декабрь ойида Қирғизистон томони ўзбек газини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораркан, Ўзбекистонга қўшимча имтиёз сифатида ушбу масала бўйича махсус комиссия тузишга рози бўлган, бироқ бу борада якуний қарор қабул қилинмаган.

Шоҳруҳ Соипов

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ