Ёзувчи Ўлжўбай Шокир 48 соатга тергов изоляторида ҳибсга олинди

Ёзувчи, публицист ва жамоат арбоби Ўлжўбай Шокир 23 август куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига чақирилган ва қарийб саккиз соатлик сўроқдан сўнг 48 соатга махсус хизматнинг тергов изоляторида ҳибсга олинган.

Унинг адвокати Бақит Автандил маълумотни тасдиқлади ва ёзувчига “оммавий тартибсизликни ташкил қилиш” ва “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” айбловлари қўйилганини айтди.

“МҲДҚ ходимлари уни қўлга олишди. У бизга кеч хабар берди ва биз соат 20:00да кирдик. Унга қўйилган айблов ҳақида гапириб ўтсам. «У оммавий тартибсизликка чақирган, ҳокимият вакилига бўйсунмаган» ва “ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш” мутлақо асоссиз айбловлар билан айбланмоқда. Ўлжўбай Шокир интернет орқали тинч митинг ўтказишга чақираётган эди. Энди асоссиз айблов қўйилди”, дейди адвокат.

Унинг сўзларига кўра, публицистнинг эҳтиёт чораси 24 август куни тушдан кейин Бишкекнинг Биринчи Май туман судида кўриб чиқилади.

Махсус хизмат бу ҳақда расмий маълумот бермади.

23 август куни унинг яқинлари Ўлжўбай Шокир 7 соатдан бери бедарак йўқолганини айтишган.

Унинг турмуш ўртоғи Назгул Бодбаеванинг “Озодлик”га айтишича, ёзувчи тушгача уйда ёлғиз бўлган, шундан бери у бедарак йўқолган.

“Уйга келсам очиқ, Ўлжўбай йўқ. Телефони ўчирилган. У қариндошлари билан боғланмабди. Қаердалигини билмаймиз. Уйга келганимда Бишкек шаҳар милиция ходимлари ҳам келишди. 31 август куни Ўлжўбай айтган акция ҳақида сўраш учун келганликларини айтишди”, дейди у.

Кейинроқ “Қилим шами” ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдирасулова “Озодлик”га ёзувчи Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида эканлигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, Ўлжўбай Шокирни сўроқ қилиш учун МҲДҚга олиб кетган, ёнида адвокат ҳам бор.

Махсус хизмат ёзувчининг ҳибсга олинишига изоҳ бермади.

Ўлжўбай Шокир ҳукуматни танқид қилиб келади. У асосан Иссиқкўлдаги тўртта пансионатнинг Ўзбекистонга берилишига қарши чиққан. Президент Садир Жапаров ва МҲДҚ раиси Қамчибек Ташиевни суҳбатга таклиф қилган.

У 31 август куни норозилик акцияси ўтказиш ташаббуси билан чиққан эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ