Қирғизистонда “Азаттиқ” веб-сайтлари блокдан чиқарилди

Қирғизистонда деярли барча интернет операторлари “Азаттиқ”нинг rus.azattyk.org ва azattyk.org сайтларини блокдан чиқарди.

Шаҳар суди “Азаттиқ” (Озодлик радиоси қирғиз хизмати) билан келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги қароридан сўнг Маданият вазирлиги Рақамли ривожланиш вазирлигига блокдан чиқариш тўғрисида хат юборди.

Жорий йилнинг 27 апрелида Бишкекнинг Ленин тумани суди Маданият вазирлигининг “Азаттиқ”ни ОАВ сифатидаги фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги аризасини қаноатлантирган эди. Суднинг бу қарори ортидан қатор хорижий давлатлар, халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари ва Қирғизистон медиаташкилотлари ташвиш билдиришган.

Ўтган йил 26 октябрида Маданият вазирлиги “Настояшчее время. Азия” дастуридан ўрин олган қирғиз-тожик чегарасидаги можаро ҳақидаги лавҳа туфайли “Азаттиқ Медиа” сайтларини блокировка қилиш тўғрисида қарор чиқарган. Вазирлик бу чора блокировка қарорига сабаб бўлган материал ўчириб ташланмагунича давом этишини уқтирган.

“Азаттиқ” бу қарор бекор қилинишини сўраб, судга мурожаат қилган. Март ойида Бишкек маъмурий суди “Азаттиқ Медиа” аризасини рад этган. Май ойида эса Бишкек шаҳар суди бу қарорни ўз кучида қолдирган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ