Озодлик қирғиз хизматининг YouTube’даги канали ҳакерлар ҳужумига учради

Озодлик қирғиз хизматининг YouTube порталидаги канали 13 июль куни ҳакерлар ҳужумига учради.

Google корпорациясидаги видеохостинг командаси ҳақиқатан ҳам каналга кибер-ҳужум уюштирилганини тасдиқлаб, “Азаттиқ” канали фаолиятини тиклаш устида иш олиб борилаётганини билдирган.

Мазкур ҳужум ким томонидан ва нима мақсадда содир этилгани ҳозирча маълум эмас, бунга оид маълумотлар ўрганилмоқда.

“Азаттиқ” YouTube-каналининг қарийб 2 миллион нафар обуначиси бўлиб, канал YouTube’нинг “Олтин тугма”си соҳиби бўлиб ҳисобланади.

“Азаттиқ” видеоматериалларини бугунги кунда нашрнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини кўриш мумкин.

Жорий йилнинг 14 июлидан Қирғизистондаги интернет алоқаси операторларининг қарийб барчаси “Азаттиқ”нинг azattyk.org ва rus.azattyk.org сайтларига қўйилган тўсиқни олиб ташлаган.

Озодликнинг қирғиз хизмати сайтлари Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги қарори билан 2022 йил октябрида блокировка қилинган эди. 12 июль куни “Азаттиқ Медиа” ва Маданият вазирлиги бу борада муросавий келишувга эришишган, Бишкек шаҳар суди эса келишувни тасдиқлаб, “Азаттиқ”нинг оммавий ахборот воситаси сифатида фаолиятини тўхтатиш тўғрисида вазирлик томонидан берилган ариза бўйича маҳкама жараёнини тўхтатган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ