Москвага дронлар билан ҳужум қилингани айтилмоқда

Москвага 30 май куни эрталаб дронлар билан ҳужум қилингани тўғрисида шаҳар мэри Сергей Собянин телеграм каналида маълум қилди.

“Настоящее время” телеканалининг ёзишича, қатор телеграм каналларда 30 май куни эрталаб Москва вилоятида ҳам ўндан ортиқ дрон уриб туширилгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган.

Собяниннинг билдиришича, дронлар ҳужуми оқибатида “бир нечта бинога унча жиддий бўлмаган зарар етган”. Мэр ҳужумлар оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини айтди.

Хабарларда Москванинг Профсоюзная кўчасидаги 98-уйнинг 16-қаватига ва Атласова кўчасидаги 24 қаватли уйга дрон урилгани маълум қилинди. Бу уйларда яшовчилар эвакуация қилинган.

Baza телеграм каналининг ёзишича, Ленин проспектидаги уйлардан бирининг 14-қаватидаги хонадонга дрон учиб кирган, бироқ портламаган. Дронда учта портловчи мослама бўлган. Мазкур уйда яшовчилар эвакуация қилинмоқда. Мутахассислар портловчи мосламаларни зарарсизлантириш устида ишламоқда.

Москва вилояти губернатори Андрей Воробьев ТАССга бир нечта дрон уриб туширилганини айтган. SHOT эса Москванинг жануби-ғарбида тўртта дрон уриб туширилгани ҳақида ёзди. Baza Москва вилоятининг Истринск, Красногорск ва Одинцово туманларида 30 май куни ўндан ортиқ дрон йўқ қилингани ҳақида хабар тарқатди.

Baza телеграм канали хабарида айтилишича, эрталабки ҳужумда жами 25 та дрон қатнашган. Уларнинг кўпчилиги ўта паст учгани учун дарахтлар ва электр симларига илашиб қолган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ