“Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилади

“Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” саммити 2 июн куни Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятидаги Чўлпонота шаҳрида ўтказилади. Бу ҳақда 30 май куни Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими бошлиғи Муротбек Азимбакиев маълум қилди.

Унга кўра, саммитда Қирғизистон президенти Садир Жапаровдан ташқари Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Туркманистон Министрлар кабинети раиси ўринбосари Нурмуҳаммет Аманнепесов ва Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель иштирок этади.

“Саммитда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги аҳволи ва келажакдаги режалар муҳокама қилинади. Халқаро майдондаги долзарб муаммолар юзасидан Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқининг ўзаро ҳаракатлари юзасидан фикр алмашинилади”,-деди расмий.

Саммит доирасида президент Садир Жапаров минтақа давлатлари раҳбарлари билан икки томонлама учрашувларни ҳам ўтказади.

3 июнда эса Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелнинг Қирғизистонга расмий сафари бошланади. Сафар доирасида Мишель президент Садир Жапаров билан юзма-юз ва кенгайтирилган форматда музокаралар ўтказади.

“Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” форматидаги биринчи саммит 2022 йилнинг 27 октябрида Қозоғистон пойтахти Остонада ўтказилган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ