Uzbekistan Airways қозоқ фаолини Бишкек-Тошкент рейсидаги самолётга чиқармади

Uzbekistan Airways ширкати 22 май куни қозоғистонлик ҳуқуқ фаоли Галим Агелеуовни Бишкек-Тошкент рейсидаги самолётга чиқармади. Бишкекдаги Kaktus.media нашри бу ҳақда Агелеуовга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, фаол Тошкентга Нукус воқеалари юзасидан ўтаётган апелляция судини кузатиш мақсадида бораётган эди. Авиаширкат вакиллари ҳуқуқ фаолига Тошкент аэропорти чегарачиларидан унинг Ўзбекистонга кириши тақиқлангани тўғрисида маълумот олганларини айтган.

Нашрнинг ёзишича, Галим Агелеуов 2022 ва 2023 йилларда икки марта Қорақалпоғистонда бўлган ва Freedom for Eurasia лойиҳаси учун мустақил суриштирув ўтказган.

Ҳозирча Uzbekistan Airways ва Ўзбекистон расмийлари бу хабарга муносабат билдирмади.

5 май куни Тошкентда Нукус воқеаларида айбланган 16 нафар судланувчининг апелляция маҳкамаси бошланган.

Январь ойи охирида Бухоро вилояти судида ўтган йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеаларда айбланган 22 кишига нисбатан ҳукм эълон қилинган. Ҳукмга мувофиқ, асосий айбланувчи сифатида кўрилаётган Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга қамалган, яна 17 киши 3 йилдан 8,5 йилгача озодликдан маҳрум этилган, Лолагул Қаллиханова дохил тўрт киши эса суд залидан озод қилинган эди.

Тажимуратов тергов жараёнида қийноққа солинганини айтган.
Нукус воқеалари бўйича жиноят иши юзасидан яна 39 нафар судланувчига нисбатан иккинчи суд ҳукми эса 17 март куни эълон қилинган. Ўшанда суд судланувчилардан 28 нафарига 5 йилдан 11 йилгача қамоқ жазоси бергани, 11 нафари эса шартли равишда суд залидан озод қилингани очиқланган.

2022 йилнинг 1-2 июлида Ўзбекистон конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон республикаси суверен мақомининг бекор қилинишига қарши Нукусда бошланиб кетган норозиликлар чоғида расмийларга кўра, 21 киши ҳалок бўлган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари дохил 243 киши яраланган. Намойишлар куч билан бостирилган, бироқ ўзбек расмийлари ҳарбийларнинг намойишчиларга қарата ўқ узганини рад этган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ