Россия қамоқхоналарида сақланаётган қирғизистонлик фуқаролар ватанига экстрадиция қилинишдан бош тортди

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармаси бошлиғи Алмаз Букалаевга кўра, Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган 459 нафар қирғиз фуқароси ўз ватанига экстрадиция қилинишни хоҳламайди.

24 май куни Бишкекда ташкил қилинган йиғилишда ташқи ишлар вазири Жеенбек Кулубоев, Бош прокуратура, халқаро ташкилотлар, миграция бирлашмалари вакиллари ҳамда қариндошлари хориждаги ҳибсхоналарда бўлган фуқаролар иштирок этди.

Букалаевга кўра, ўтган йили Россиядан Қирғизистондаги қамоқхоналарга 33 нафар фуқаро кўчирилган.

– «Жорий йилнинг биринчи чорагида 19 нафар фуқаро ўтказилди. Яна 38 нафар фуқарони олиб келиш ишлари олиб борилмоқда”, — деди Букалаев.

Унинг қўшимча қилишича, вазирлик хориждаги 550 нафар маҳбус, жумладан, Россиядаги 400 дан ортиқ маҳкум билан юзма-юз суҳбатлар ўтказган.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда мингдан ортиқ қирғизистонлик Россиядаги ёпиқ муассасаларда сақланмоқда. Россиядаги “Вагнер” хусусий компанияси урушга маҳкумларни жалб қилаётгани, улар орасида Марказий Осиёдан келган муҳожирлар ҳам борлиги маълум бўлди.

Озодлик Россия қамоқхоналарида жазо ўтаётган саккиз нафар Қирғизистон фуқароси Украинадаги урушда ҳалок бўлганини аниқлади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ