Ўшдаги «Ынтымак» телеканали директори тайинланганидан бир кун ўтиб ишдан кетди

Вилоят телеканалига янги раҳбар этиб тайинланган Бахит Айдаров тайинланганидан бир кун ўтиб, 4 май куни ўз лавозимини тарк этди.

Бу ҳақда Озодликка Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг лицензиялаш назорати бошқармаси бошлиғи Бектур Ибрагимов маълум қилди.

Унга кўра, Айдаров оилавий шароити туфайли телеканал раҳбари лавозимини тарк этган. Бироқ, унинг телеканал раҳбариятидан кетишининг аниқ сабаби маълум эмас.

Бахит Айдаров «Ынтымак» телеканалига 2020 йилнинг декабридан 2023 йилнинг 17 апрелига қадар раҳбарлик қилган. Баъзи маълумотларга кўра, кейин у телеканалда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан текширув ўтказгани сабабли лавозимини тарк этган. Озодликнинг ўз манбаларига кўра, телеканалнинг бир неча ходими Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроққа чақирилган.

Маданият вазири ўринбосари Чингиз Эсенгулов Озодликка берган изоҳида махсус хизматлар текшируви ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Бир кун аввал, 3 май куни Бахит Айдаров яна «Ынтымак» жамоасига телеканал раҳбари сифатида таништирилди.

«Ынтымак» минтақавий телеканали қирғиз ва ўзбек тилларида контент тайёрлайди, 2011 йилдан буён Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларида эфирга узатилади.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ