Путин Россия паспортини олиб, уруш ҳақида “фейк” тарқатган мигрантларни фуқароликдан маҳрум этишга оид қонунни имзолади

Президент Путин Россия паспортини олганларни мамлакат армиясини “обрўсизлантирганлик” ва уруш ҳақида “фейклар” тарқатганлик учун фуқароликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. “Россия Федерацияси фуқаролиги тўғрисида”ги мазкур қонуннинг янги таҳрири ўтган ҳафта Давлат думаси депутатлари томонидан ошиғич қабул қилинган эди.

Қонуннинг янги таҳририга мувофиқ, қабул қилинган фуқароликдан маҳрум этилишга оммавий тартибсизликлар, митинглар тўғрисидаги қонунни бир неча марта бузганлик, ҳарбий хизматга чап берганлик, дезертирлик, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармаганлик каби қонунбузарликлар ҳам сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, “Россия миллий хавфсизлиги учун таҳдид туғдирувчи хатти-ҳаракатлар” ҳам фуқароликдан маҳрум этилишга асос бўлиши мумкин.

Россия Федерацияси Конституциясига мувофиқ, Россия ҳудудида туғилган кишини фуқароликдан маҳрум қилиш мумкин эмас. Бироқ, агар фуқаролик туғилган ери билан боғлиқ равишда олинмаган бўлса, у тақдим этилган ҳужжатлардаги хатоликлар туфайли ёки суд қарори билан уни бекор қилиш имкони бор. Бундан ташқари, 2017 йилда террорчилик ва экстремизмда айбланиб судланганларни РФнинг қабул қилинган фуқаролигидан маҳрум қилиш тўғрисида қонун қабул қилинган эди.

Сўнгги йилларда Россия фуқаролигини қабул қилганлар орасида марказий осиёликлар (хусусан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари) ҳам кам эмас. Бироқ ўтган йили Россия паспорти берилганлар орасида 43 фоизни (қарийб 300 минг киши) собиқ украиналиклар (асосан ДХР ва ЛХРда яшовчилар) ташкил этган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ