Контрабандачиликда айбланган оила Ўзбекистон ҳукуматининг ҳамкорига айланди

Марказий Осиёда коррупционер божхона расмийлари билан тил бириктириш орқали улкан савдо империясини қурган Ҳабибула Абдуқодир оиласи юзлаб миллион доллар пулларни хорижга олиб чиқиб ювишда айбланди ва фош бўлди.

Президент Мирзиёев ҳукумати уларни қучоқ очиб кутиб олиши ортидан оиланинг савдо бизнеси эндиликда Ўзбекистонда ҳам гуллаб-яшнамоқда.

Абдуқодирлар оиласи қўшни Қирғизистондаги коррупционер амалдорлар билан ҳамкорлик туфайли юзлаб миллион доллар пул ишлаган. Президент Мирзиёев ҳукумати уларни қучоқ очиб кутиб олиши ортидан оиланинг савдо бизнеси эндиликда Ўзбекистонда ҳам гуллаб-яшнамоқда.

Аввалги суриштирувларда мазкур оила коррупционер амалдорлар ёрдамида Қирғизистон савдо йўлларини қўлга олгани фош этилганди. Аммо бу нарса оила ўз фаолиятини Ўзбекистонга ҳам кенгайтиришига тўсқинлик қилмади. Эндиликда Абдуқодирлар панадан чиқиб, давлат идоралари ва президент Мирзиёевнинг оила аъзолари билан қўшма лойиҳаларда ҳамкорлик қилмоқда.

Марказий Осиёдаги энг йирик чакана савдо бозорларидан бири – Тошкентнинг машҳур “Абу Сахий” бозоридан ташқари унга мол етказиб берадиган халқаро савдо йўллари ҳам Абдуқодирларнинг юк ташиш ва логистика компаниялари қўлига ўтган.

Айни пайтда Абдуқодирларга тегишли компания Ўзбекистондаги иккита янги замонавий божхона терминалини бошқармоқда. Афтидан, оила яна бир неча терминални бошқариш учун тендерда ғолиб чиққан.

2021 йил декабрининг айни Янги йил таътили кунлари қуёшли Ўзбекистон пойтахти Тошкентдан тоза узум, хурмо, лимон ва помидор ортилган музлатгичли поезд Москвага етиб борди.

Бу Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги янги савдо битими доирасида амалга оширилган “Агроэкспресс” темирйўл етказиб бериш хизматининг синов тариқасида ишга туширилиши эди.

Ҳали Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини ва Ғарб санкцияларига бир неча ой бўлса-да, Россия президенти Владимир Путин қўшнилари билан янада яқинроқ савдо алоқаларини ўрнатиш пайига тушган эди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев афтидан, бу ҳамкорлик таклифини мамнуният билан қабул қилган.

Аммо поезднинг ён томонига туширилган логотиплардан бири “Агроэкспресс”нинг бор-йўғи бир йил аввал ташкил этилган ва ҳеч ким танимайдиган ҳамкори борлигини фош этиб қўйди.

UTI Transit номли ушбу ширкат шунчаки янги ўйинчи эмасди. Унинг эгаси порахўрлик ва коррупция йўли билан улкан махфий контрабанда империясини қургани иддао қилинган хитойлик уйғур Абдуқодирлар оиласи эди.

Оила “Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тергов қилиш” лойиҳаси (OCCRP), Озодлик радиоси ҳамда “Kloop” нашри биргаликда ўтказган қатор суриштирувлар марказида бўлган. Ушбу суриштирувлар тўрт ака-уканинг тўнғичи бўлган Абдуқодир етакчилигидаги клан Қирғизистонда юқори мансабдор шахсга пора бериш ва божхона имтиёзларини қўлга киритиш орқали мамлакатнинг асосий савдо йўллари устидан назорат ўрнатганини ўртага чиқарган.

Суриштирув натижалари минтақа матбуотида кенг ёритилди. Аммо Абдуқодирлар бизнесини бир йилдан кўпроқ вақт давомида тадқиқ қилган журналистларга кўра, оила қўшни Ўзбекистонда ҳам ўхшаш схемани қўллаган: йирик бозор ва савдо йўллари устидан назоратни қўлга олган ҳамда божхоначиларнинг ҳамкорига айланган. Аммо бу сафар оила яширин келишувлар ортига беркинмаган, балки очиқчасига, ҳукуматнинг дастаги билан иш юритган.

Аввалига Ўзбекистон ҳукумати Тошкентдаги энг муҳим бозор эгасига нисбатан коррупцияга қарши кураш кампаниясини бошлайди. Текширувлар кўплигидан бозор эгаси алал-оқибат уни Абдуқодирларга сотиб юборади. Қатор манбаларга кўра, Абдуқодирлар оиласи бизнеси Президент Мирзиёевнинг куёви Отабек Умаров томонидан дастакланган.

Абдуқодирлар, шунингдек, ҳукумат билан ҳам тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар давлат ширкати билан биргаликда ташкил қилган юк ташиш бўйича қўшма корхона Хитой билан кенг реклама қилинган янги савдо йўлини очишда қатнашган.

Журналистлар қўлга киритган ҳужжатлардан маълум бўлишича, Абдуқодирлар Ўзбекистон ҳукумати чегарада бир нечта янги божхона терминалини қуриш режасини эълон қилишидан анча аввал бу лойиҳаларни амалга оширишни бошлаб юборган. Оила иккита терминалга сармоя киритган ва айни дамда уларни бошқармоқда. Режада яна бир неча терминал қурилиши бор.

Хабарларга кўра, ҳатто уларнинг “Агроэкспресс” темирйўл лойиҳасидаги иштироки ҳам давлат ширкати тавсияси билан амалга ошган.

“Абу Сахий” бозори Ўзбекистон савдо секторидаги энг катта ўйинчи ҳисобланади. “Абу Сахий”даги савдо расталари ва тураргоҳлар 20 гектардан кўпроқ ерни эгаллаган. Мажмуа 2006 йилда “Ипподром” аталмиш эски бозорнинг ёнида пайдо бўлган – Совет Иттифоқи қулаганидан кейин “Ипподром” бозори ўзбекистонликлар арзон импорт товарлар сотиб олиши мумкин бўлган илк жойлардан бири бўлган.

“Абу Сахий”даги савдо расталари ва тураргоҳлар 20 гектардан кўпроқ ерни эгаллаган. Мажмуа 2006 йилда “Ипподром” аталмиш эски бозорнинг ёнида пайдо бўлган – Совет Иттифоқи қулаганидан кейин “Ипподром” бозори ўзбекистонликлар арзон импорт товарлар сотиб олиши мумкин бўлган илк жойлардан бири бўлган.

Пойтахтнинг халқа йўлида жойлашган бозор охири кўринмайдиган савдо расталари билан машҳур бўлиб, кийим-кечакдан тортиб маиший электроника жиҳозларгача – ҳамман нарсани топиш мумкин. Бу ерда Хитойда ишлаб чиқарилган товарлар шу қадар кўпки, маҳаллий ҳажвчилар уни “Хитой пойтахти” деб аташади. Харидорларга қулай бўлиши учун бу ерда озиқ-овқат расталари, кўп қаватли тураргоҳ ва ҳатто ўзининг масжиди ҳам бор.

“Абу Сахий” бозорининг пайдо бўлиш тарихи анча қоронғу, аммо кўп йиллар давомида унга собиқ президент Ислом Каримовнинг куёви Тимур Тиллаев эгалик қилган. Тиллаев ўзининг ҳашамдор турмуш тарзи билан танилган.

Тиллаевнинг норасмий солиқ ва божхона имтиёзлари ҳисобидан товарларга энг паст нархларни белгилаш орқали импортдан миллионлаб доллар пул ишлагани иддао қилинади.

Тиллаев бу иддаоларни ҳар доим инкор қилган, унинг адвокати иддаоларни рад этишда давом этмоқда. Аммо OCCRP ва ҳамкорлари бир неча йил аввал эълон қилган туркум суриштирувлар ўша йилларда бозорга товар етказиб берган асосий таъминотчилардан бири Ҳабибула Абдуқодир бўлганини ўртага чиқарган.

Қўшни Қирғизистондаги коррупционер божхоначилар ёрдамида Абдуқодир ва унинг укалари “Абу Сахий”да, иддао қилинишича, сохта ёрлиқ ёпиштирилган ва тўлиқ декларация қилинмаган Хитой молларини сотиш орқали мўмай даромад топишган. Ўзини оиланинг пул ювувчиси деб атаган ва кейинроқ Истанбулда отиб кетилган шахс маблағларни дунё бўйлаб банк ҳисобрақамларига жойлаштириш учун турли ноқонуний схемалардан фойдаланганига иқрор бўлган.

2019 йилдаги суриштирувларда Абдуқодирларнинг яширин империяси экани иддао қилинган тузилма қандай ишлагани борасида Саймаити берган ҳужжатлар ва журналистлар қўлга киритган тасдиқловчи далиллар батафсил таҳлил қилинган.

Схема йиллар давомида ишлаб турган. Тиллаев ва Абдуқодир бойиб кетишган, “Абу Сахий” эса қулоч ёйиб борган. Бироқ Ўзбекистон каби мамлакатда кўп нарса “юқори”дагиларнинг сизга нақадар хайрихоҳлигига боғлиқ ва бу ерда ҳаммаси жуда тез ўзгариши мумкин. Аммо Абдуқодир сингари уддабурон одам учун ўзгаришлар янги имкониятларни очади.

2016 йилда президент Каримов ўлиб, унинг ўрнини бош вазир Шавкат Мирзиёев эгаллади. Янги раҳбар ўзини мамлакатни дунёга очишни, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва коррупцияга барҳам беришни кўзлаган ислоҳотчи ўлароқ тақдим этди. Бу ўринда собиқ ҳукмрон оиланинг аъзоси бўлган Тиллаев нишонга олинганига ажабланмаса ҳам бўлади.

Прокуратура, солиқ ва божхона ходимлари илгари дахлсиз бўлиб келган “Абу Сахий”га нисбатан кўпдан-кўп тафтишларни бошлаб юборди. Савдо ва юк ташиш бир неча ҳафта тўхтаб қолди. 2017 йил охирига келиб Тиллаев ўйиндан чиқарилади ва бозордаги ўз улушини янги хўжайинларга сотади. Шундан буён унинг Ўзбекистонга келгани маълум эмас.

Ҳукумат “Абу Сахий” бозорининг эгаси алмашганини катта ўзгариш сифатида тақдим қилди. Орадан бир неча ҳафта ўтиб президент Мирзиёев администрацияси бозорнинг янгидан ташкил этилгани ва давлат ғазнасига солиқ тушумлари каррасига ортганини мақтаб чиқди.

Орадан бир неча ой ўтиб, давлат телевидениесида эндиликда “Абу Сахий” бозорига эгалик қилаётган “халқаро тажрибага эга” номаълум “хорижий инвесторлар” мақталган лавҳани намойиш этди. Лавҳада нархлар пасайганидан хурсандлигини айтган харидорлар ва ижара ҳақи пастлаганидан мамнунлигини таъкидлаган сотувчилар билан интервьюлар ўрин олган эди.

Пировардида “Абу Сахий”ни сотиб олган “хорижий инвесторлар” Абдуқодирлар оиласи бўлиб чиқди. Тиллаевнинг адвокати журналистларга электрон почта орқали йўлланган мактубда мижози бозорни Ҳабибула Абдуқодирга 2017 йилнинг декабрь ойида сотганини тасдиқлади. Корпоратив ҳужжатлардан маълум бўлишича, Тиллаевдан кейин “Абу Сахий” аввал Абдуқодирларнинг Германиядаги фирмаларига ўтган, ундан эса воситачи фирмалиги яққол кўриниб турган турк ширкатига. Бу ширкатга ёши 30 га ҳам чиқмаган қиз эгалик қилади (унинг бошқа фаолияти ҳақида ҳеч нарса маълум эмас).

“Абу Сахий” бозорига яқин қатор манбалар, жумладан савдогарлар, корпоратив юрист, собиқ юқори мартабали ички ишлар мулозими ҳамда юк ташиш ширкатининг эгалари Абдуқодирларни зимдан дастаклаётган қудратли шахсга ишора қилишди. Бу – Мирзиёевнинг куёви ва Президент давлат хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаровдир.

Абдуқодирлар оиласи эгалигида бозор янада кенгайган. Ҳозирда «Абу Сахий» янги кўп қаватли савдо иншоотлари ва ҳатто ўз масжидига ҳам эга. Абдуқодирлар оиласи эгалигида бозор янада кенгайган. Ҳозирда «Абу Сахий» янги кўп қаватли савдо иншоотлари ва ҳатто ўз масжидига ҳам эга. Абдуқодирлар оиласи эгалигида бозор янада кенгайган. Ҳозирда «Абу Сахий» янги кўп қаватли савдо иншоотлари ва ҳатто ўз масжидига ҳам эга.

Улар таърифлаган схема кўпчилик собиқ совет мамлакатлари учун хос: ҳукмрон сиёсий элита вакили – бу ўринда Умаров, даромад келтирадиган бизнесни “ўз қаноти остига олган”. Кўпинча даромаддан ажратилган улуш эвазига “криша” сиёсий ҳимоя, инсайдерлик маълумотлари ва қонун-қоидаларни айланиб ўтиш имконини тақдим этади. ​

“Абу Сахий” Ҳожи ака (Абдуқодирга нисбатан ҳурмат маъносидаги ибора)га тегишли, аммо у О[табек] У[маров] билан шерикликда иш қилади”, – деди Абдуқодирлар ширкатига ишлайдиган манба. Унинг сўзларини мустақил равишда тасдиқлаш имкони йўқ.

Ходимнинг айтишича, у “Абу Сахий” директорининг офисида пул санайдиган машинка ва доллар тахламларини кўрган, бу пуллар, унинг иддао қилиишча, кейинчалик даромаддан улуш ўлароқ Умаровга етказилган.

Бир неча манба Нажим Абдужабборов кўп йиллар “Абу Сахий”ни бошқаргани, Тиллаев даврида импорт операциялари учун масъул бўлганини айтган.

Абдуқодир билан Умаров ўртасидаги асосий бўғин сифатида ширкат ходими президент оиласининг бошқа бир аъзоси – Мирзиёев опасининг куёви бўлмиш Нажим Абдужабборовни кўрсатган. “У оиланинг вакили, – дея изоҳ берган ходимга кўра Абдужабборов ҳафтанинг асосий қисмини Абдуқодирларнинг асосий савдо ширкатларидан бўлган Baraka Holding офисида ўтказади. «У Ҳожи ака (Абдуқодир) ва куёв ўртасида воситачилик қилади”, дейди Абдуқодирлар ширкатига ишлайдиган манба.

Бошқа бир лойиҳада Абдуқодирлар президент оиласи аъзоси билан бевосита ҳамкорлик қилган. Улар Мирзиёевнинг жияни билан биргаликда эгалик қилган логистика маркази божхона бошқармаси кўрсатмасига кўра барча халқаро курьерлик ташувларини қайта ишловдан ўтказган.

Ўзбекистон ҳукумати Абдуқодирларни Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги янги савдо йўлларини ривожлантириш лойиҳасига ҳам жалб қилган.

2017 йилда президент Мирзиёев Хитой ва Қирғизистон билан ҳар учала давлат учун фойдали бўлган янги замонавий савдо йўлини ривожлантиришга доир битимларни имзолади.

Ҳабибула Абдуқодир Ўзбекистонга келган қирғиз делегацияси таркибида, 2017 йил декабри. Бу ташрифдан кўп ўтмай унинг ширкатларидан бири Ўзбекистон ҳукумати билан биргаликда транспорт ширкатини таъсис этган.

Ўзбекистонга юкларни етказиб беришдан ташқари, Абдуқодирларнинг Baraka Holding савдо ширкати маҳаллий савдогарлар учун четдан товар буюртма ва импорт қилишда воситачи ролини ҳам бажармоқда.

Ширкат импорт ва божхонадаги расмийлаштириш ишларини ўз зиммасига олади, мижозларга фақат “ички” таъминотчидан импорт қилинган товарларни сотиб олиш қолади, холос.

Абдуқодирлар бу билан кифояланиб қолишгани йўқ.

Россия савдода Ғарб мамлакатларидан Хитой ва Марказий Осиёга йўналаркан, Ўзбекистон муҳим воситачига айланиши мумкин. Абдуқодирлар оиласи эса бу фурсатни бой бермоқчи эмас.

Ўзбекистон транспорт вазирига кўра, ҳукумат Абдуқодирлар муҳим иштирокчиси бўлган “Агроэкспресс” лойиҳасини кенгайтириш ниятида. Лойиҳа Россиянинг Урал минтақаси ва Узоқ Шарқида икки томонлама юк ташиш имкониятини беради.

Айни пайтда Абдуқодирларнинг UTI Transit ширкати ва “Россия темирйўллари” ўртасида тузилган янги қўшма корхона Москва билан Хитой, шунингдек, Хитой, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги янги йўналишлар учун мижозларни жалб қилиш устида ишламоқда.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ