Қирғизистонда паспорт мафияси мавжудми?

Марказий Осиё давлатлари орасида Қирғизистон паспортини олиш нисбатан осон экани айтилади.

Бунга паспорт тайёрловчи ва берувчи идора ходимларининг айримлари билан тил бириктирилиб, пора эвазига фуқароликни тасдиқловчи ҳужжатни сотиб олиш ҳоллари учраши сабаб қилиб кўрсатилади. Бунгача, бир қатор давлатларда қўлга олинган жиноятчиларнинг аксарияти Қирғизистон паспортига эга бўлгани бир неча бор қайд этилган.

Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлиги бундай ноқонуний кўринишларнинг олдини олиш мақсадида, вилоятлардаги бўлимлар доимий текширилаётганини ва ходимларга нисбатан тегишли чоралар кўрилаётганини маълум қилади.

Вазир Талантбек Иманов Ўш вилоятидаги текширувлар натижасида бошқармада кадрлар ўзгариши амалга оширилганини айтади.

“Эсингизда бўлса, бир йил аввал мен паспорт мафиясига қарши кураш ташаббусини кўтарганман. Биз Ўш, Новқат, Аравон, Қорасув, Олой, Чўнг-Олой, Ўзган ва Қора-Қулжа туманларидаги аҳолини қайд этиш тузилмавий бўлинмаларида бир қатор текширувлар ўтказдик”, дейди расмий.

Унга кўра, мазкур текширувлар натижасида масъул шахсларнинг ҳатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга 27 та иш ўтказиб берилган, ундан 9 таси миллий паспортларни қонунга хилоф равишда бериш фактлари бўйича, 15 таси туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва миллий паспорт бериш учун асос бўлган бошқа ҳужжатларни қалбакилаштириш, 2 та пора олиш ва 1 расмий қалбакилаштириш ҳолатлари билан боғлиқ.

“Вазирлик томонидан кадрларни тозалаш ишлари олиб борилмоқда. Кадрлар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Раҳбарлик лавозимларида ишлаган бир қатор шахслар ишдан бўшатилди”, дея қўшимча қилган Талантбек Иманов.

Ўтган йил бошида Қирғизистон Рақамли ривожланиш вазирлигига раҳбар этиб тайинланган Талантбек Иманов, 3 ойлик фаолияти давомида, Аҳолини қайд этиш департаментида паспорт мафияси мавжуд экани ва унинг оқибатида миллиардлаб зиён кўрилганини аниқланганини маълум қилган эди.

“Мен 15 январдан бошлаб Рақамли ривожланиш вазири лавозимида ишлаяпман. Албатта, вазирликда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар кўп. Уларнинг аксариятини ҳал қилиш мумкин. Лекин ҳозир гап у ҳақда эмас. Бу лавозимга келганимда биринчи бўлиб аҳолини рўйхатга олиш бўлимидаги паспорт мафиясига дуч келдим. Кунига 24 соат тинимсиз ишлайдиган мафиянинг жуда яхши мувофиқлаштирилган иши мавжуд ”, деган амалдор.

Унинг сўзларига кўра, бу баёнотлар қуруқ эмас, барча факт ва далилларга асосланган. Ҳаммаси тегишли идораларга тақдим этилади.

“Паспорт мафияси илдиз отиб кетган. Мамлакатга миллиардлаб сўм зарар етказилган. Миллиардлар! Жимгина пора олиб, жимгина ёнма-ён ишлайдилар ва шу тариқа порахўрлик авж олади. Бу соҳа текширилиши керак! Паспортларни қалбакилаштиришдаги порахўрлик кўлами жуда катта, қалбаки паспортлар минглаб чиқарилади. Бу миллий хавфсизликка таҳдиддир…”, – деган Талантбек Иманов.

Вазир ўз баёнотидан кейин ушбу схема учун лоббичилик қилаётганларнинг танқидлари, қора пиарлари ва ифлосликларига дуч келиши мумкинлигини, лекин шунга қарамай, охиригача курашишини қўшимча қилган.

“Биз ислоҳотларни хоҳлаймизми ёки биз ҳам бу тартибсизликда оёқости бўламизми? Ислоҳотлар амалга ошиши учун биз масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз ва ҳаракат қилишимиз керак”, дея ўз сўзини якунлаган эди ўшанда вазир Талантбек Иманов.

Ўғрисиям тўғрисиям келишяпти

Расмий маълумотларга кўра, 2022 йилда Қирғизистонда 1 миллион 74 мингта паспорт берилган. Аввал хабар берганимиздек, бугунги кунда Қирғизистон паспортини олишга қизиққанлар кўп. Жумладан Россиянинг Украинага қарши олиб бораётган уруши давомида мамлакатни тарк этиб, бошқа юртлардан қўниб топаётган россияликларнинг сони ортмоқда. Улардан катта қисмига Қирғизистонга ҳам келмоқда.

Рақамли ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Аҳолини рўйхатга олиш департаментининг Фуқароликни расмийлаштириш ва миграция масалалари бўлими бошлиғи Назгул Абақова Кактус Медиа нашрига берган интервюсида, 2022 йилнинг 9 ойида Россиянинг 1631 нафар фуқароси Қирғизистон фуқаролигини олиш учун ариза топширганини маълум қилган.

Хусусан, 25 март куни The Moscow Times нашри Россиянинг таниқли сиёсий ва ишбилармонлари Қирғизистон фуқаролигини олаётгани ҳақида хабар берган.

Transparency International ташкилотининг Россия бўйича ваколатхонаси директори Илья Шуманов ҳам юқорида тилга олинган фармонни синчиклаб таҳлил қилгани ва Россия элитаси Қирғизистондан дунёга йўл очадиган ҳуқуқий майдон сифатида фойдаланаётганини таъкидлайди.

«Бу Қирғизистон иккинчи паспорт олишга ёрдам берадиган ҳуқуқий соҳалардан бири сифатида танланганлигини англатади. Иккинчи паспорт дунё бўйлаб саёҳат қилиш, бизнес юритиш ва банк чекловларини олиб ташлаш имконини беради. Кўплаб россияликлар дуч келадиган қийинчиликларни енгиллаштиради. Бу Қирғизистон учун қандай хавф-хатар туғдириши мумкин?

Бундай схемани жиноят тарихига эга одамлар ҳам фойдаланмоқда. Яқинда Америка расмийлари пул ювиш билан шуғулланган Bitzlato криптовалюта биржаси фаолиятини фош этишди. Ушбу биржа асосчиларидан бири Қирғизистон паспортини олганлар рўйхатида кўрсатилган”, дейди Илья Шуманов ўз баёнотида. Шунингдек, у Қирғизистон фуқаролигини олишда порахўрликка йўл қўйилаётгани эҳтимоллигига ишора қилган.

“Қирғизистон фуқаролигини олиш тартиби маълум вақтни олади. Ушбу хизматни таклиф қилувчи воситачилар 6-9 ойлик муддат ҳақида гапиришади. Менинг фикримча, бу Қирғизистон қонунларида белгиланган қонунчилик базасига тўғри келмайди. Бу ерда мансабни суиистеъмол қилиш холлари бўлиши мумкин. Кузатишларимга кўра, Россияда шундай воситачилар пайдо бўлган. Улар ваҳима қўзғатиб туришади. Урушдан олдин руслар Европа ва Кариб денгизи давлатларидан 100 минг долларга “олтин паспорт” сотиб олар эди. Билишимча, Қирғизистонда воситачиларнинг бундай хизматлари Европаникидан анча арзон, 5000 дан 30 000 долларгача. Бунга ҳужжатни нолдан тайёрлаш ва топшириш киради”, дейди Transparency International ташкилотининг Россиядаги вакили.

Шу муносабат билан 27 март куни президент маъмурияти Қирғизистон фуқаролигини олган россияликлар ҳақидаги маълумотларга жавобан баёнот ёйинлаган.

“Мамлакат фуқаролигини бериш Конституция, халқаро шартномалар ва “Қирғизистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга мувофиқ амалга оширилади. Ариза ёзиш тартиби, қабул қилиш, келишув, рад этиш сабаблари юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади. Фуқароликка қабул қилиш тегишли идоралар томонидан қаттиқ назоратга олинган. Қирғизистон фуқаролигини олишни хоҳловчилар юқоридаги талаблардан ўтади ва комиссия хулосасига кўра қарор қабул қилинади. Фуқароликни олишда ҳеч кимга устунлик берилмайди”, дейилади расмий баёнотда.

Фуқаролик олиш тартиби

Қирғизистон фуқаролигини олиш тартиби қонунлар билан белгиланган. Қонунда умумий тартиб ва ​​соддалаштирилган тартиб назарда тутилган. Умуман олганда, чет эл фуқароси Қирғизистон фуқаролигини олиши учун камида беш йил давомида республика ҳудудида доимий яшаши керак. Ҳатто қочқинлар, инвесторлар ва талабга эга мутахассислар учун ҳам уч йиллик муддат белгиланган.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2022 йилда “Қирғизистон фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида” 24 та фармон чиқарган. Унга мувофиқ 6316 киши мамлакат фуқаролигига қабул қилинган, 646 нафари чиқариб юборилган.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Рақамли ривожланиш вазири ўринбосари Айдарбек Мамбетқадиров, парламент йиғинида Қирғизистонга сармоя киритаётган хорижликларга “олтин паспорт” бериш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланаётганини маълум қилган эди.

«Олтин паспорт» деган тушунча бор. Агар бирор киши мамлакатга тахминан 10 миллион сармоя киритса, унга қулайлаштирилган тизим орқали фуқаролик олиш имконияти берилади. Ҳозир шундай қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда”, деган вазир ўринбосари депутат саволига жавобан.

Ундан кейин мамлакатга сармоя киритаётган хорижликларга Қирғизистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш тўғрисида ҳеч қандай қонун ёки ҳуқуқий ҳужжат ҳақида гап бўлмаган.

Аҳолиси 7 милиондан сал кўпроқ Қирғизистон Марказий Осиёда аҳоли сонининг ўсиши бўйича иккинчи ўринда туради.

Қалбаки паспорт олган ва ушланганлар

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, 30 март куни Қирғизистон қалбаки паспортини олишга уринган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинганини хабар қилди.

Маълумотга кўра, халқаро терроризмга қарши ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлар давомида “Исломий давлат” (Қирғизистонда тақиқланган) террорчилик ташкилоти эмиссарлари кўмагида гумонланувчи шахс Қирғизистондан қалбаки паспорт олиб, Суриянинг уруш ҳудудга кетмоқчи бўлган.

У халқаро террорчилик ташкилотига алоқадорлиги учун Ўзбекистон ҳудудида қидирувга берилгани қўшимча қилинади хабарда. Айни пайтда мазкур жиноятга алоқадор шахсларни аниқлаш бўйича тадбирлар олиб борилмоқда.

Бир кун аввал, 29 март куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Ўш вилоятида “Исломий давлат” террорчилик ташкилоти аъзоларига Қирғизистон паспортини тайёрлаганликда гумон қилинган аёл қўлга олингани ҳақида хабар берган. Унга кўра, гумонланувчи Ўш вилоятидаги давлат ҳужжатларини расмийлаштириш хизматидаги алоқаларидан фойдаланиб, террорчилик фаолияти учун қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароларига Қирғизистон паспортини тайёрлаб бермоқчи бўлган.

Аввал ҳам Қирғизистонда қалбаки паспорт бериш билан боғлиқ бир қанча шов-шувли ҳолатлар қайд этилган. Ҳаттоки, ушбу давлатнинг қалбаки паспортлари билан халқаро можаролар ҳам юз берган.

Масалан, 2014 йилда грузиялик жиноятчи Роман Барбакадзе Қирғизистон паспорти билан ҳибсга олинган. Бундан бир йил аввал Илья Самсония исмли яна бир грузиялик жиноятчи Манас аэропортида Қирғизистон паспорти билан ҳибсга олинган ва тўрт йилга қамалган.

2015 йилда Истанбулда ўлдирилган тожик мухолифатчиси Умарали Қувватов ёнидан Қирғизистон паспорти топилган.

Маълумки, 2016 йилнинг 17 май куни Истанбулдаги Отатурк аэропортида қўлга олинган 98 нафар уйғурдан ҳам Қирғизистон паспорти топилган.

Шоҳруҳ Соипов, Оқбура

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ