Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини «Азаттиқ» бўйича суд қарорини бекор қилишга чақирди

Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) суднинг «Азаттиқ Медиа»ни ёпиш ҳақидаги қароридан хавотир билдирди.

“Қирғизистоннинг энг машҳур ва ишончли ахборот манбаларидан бири бўлган «Азаттиқ» радиосининг ёпилиши мамлакат мустақил оммавий ахборот воситалари учун даҳшатли сигнал бўлиб, ҳукумат ўз давлатини қайси йўналишда давом эттирмоқчи экани борасида жиддий саволлар туғдиради”, дейди қўмитанинг Европа ва Марказий Осиё дастури координатори Гулноза Саид. «Ҳокимият бу қарорни зудлик билан бекор қилиши ва онлайн нашрнинг эркин ишлашига рухсат бериши керак.»

“»Азаттиқ» радиоси суд қарори устидан шикоят қилади. Тарихимиз шуни кўрсатадики, одамлар ўз ҳукуматлари томонидан цензура қилинган ишончли маълумотни хоҳласалар, уларга кириш йўлларини топадилар», дея изоҳлади Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай суднинг «Азаттиқ» Медиани ОАВ сифатида тугатиш ҳақидаги қарорига изоҳ берар экан.

Бишкекдаги Ленин тумани суди Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги томонидан Озодликнинг қирғиз хизмати фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантирди. Суд ҳукми 27 апрель куни эълон қилинди.

“Азаттиқ Медиа” вакиллари мазкур суд ҳукми юзасидан юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилмоқчи. Маҳаллий қонунчиликка кўра, бу ишни амалга ошириш учун уларда 30 кун бор.

“Азаттиқ Медиа” адвокати Тимур Султановга кўра, суд қарори Қирғизистон расмийлари томонидан оғизда айтилаётган сўз эркинлигига амалда риоя этилмаётганини кўрсатган.

“Мунозара чоғида биз қонунчилик ва Конституцияда кўзда тутилган важларни келтирдик. Афсуски, суд бизнинг важларимизни эътиборга олмади. Музокара чоғида айтганимдек, суд қарори “фуқароларда ишончли маълумотларни олиш ва тарқатиш ҳуқуқи борми ёки бу ҳуқуқ Конституцияда номигагина ёзиб қўйилганми?” эканини кўрсатиши керак эди. Бугунги қарор бу саволларга жавоб бўлди”, деган адвокат Султанов.

Жорий йилнинг январь ойи охирида Маданият вазирлиги “Азаттиқ Медиа”нинг (Озодликнинг қирғиз хизмати) оммавий ахборот воситаси сифатида фаолиятини тўхтатиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилган эди.

Бунга “Настояшчее Время. Азия” дастурида 2022 йилнинг сентябрь ойи ўртасида “Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги оғир жанглар” деб номланган ёйин сабаб бўлган эди.

“Озод Европа/Озодлик радиоси” президенти Жейми Флай аввалроқ мазкур даъво аризаси юзасидан изоҳ бера туриб, корпорация Қирғизистонда “Азаттиқ” фаолиятини сақлаб қолиш учун мавжуд барча ҳуқуқий воситалардан фойдаланишини билдирган эди.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ