Ироқ қамоқхонасидаги хорижлик аёллар, жумладан, ўзбеклар очлик эълон қилишди

Ироқда террорчиликда гумонланиб қамоқда сақланаётган чет эллик аёллар гуруҳи очлик эълон қилди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Бағдоддаги “Русафа” қамоқхонасида ўтирган қирғиз аёллари маълум қилди.

Кавказ.Реалии лойиҳасининг хабар беришича, очлик эълон қилганлар орасида Ўзбекистон, Доғистон, Чеченистон, Россия, Озарбайжон, Туркия фуқаролари ҳам бор.

Улар ўзларига билдирилган айбловлар бекор қилинишини ва ватанларига қайтарилишларини талаб этмоқда. Қамоқхонадаги аёллар очлик эълон қилгани ва уларнинг талаблари тўғрисидаги маълумотларни Истанбулдаги доғистонликлар диаспораси вакиллари ҳам тасдиқлашди.

“Русафа” қамоқхонасида ўтирган қирғизистонлик 40 нафар аёл апрель ойи бошида Озодликнинг қирғиз хизмати орқали ҳукуматга мурожаат қилган ва ўзларини Ироқдан олиб кетишни сўраган эди. Улар 2013-2015 йилларда эрлари ва болалари ортидан Сурия ва Ироққа келиб қолганларини, Бағдодда “террор ташкилоти аъзоси” сифатида судланишганини айтишган.

Reuters агентлигининг билдиришича, 2021 йил 19 мартдаги ҳолат бўйича, “Русафа” қамоқхонасида 494 нафар хорижлик аёл сақланмоқда. Улар 18 давлатдан келган фуқаролардир.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ