Суд Қирғизистонда “Азаттиқ” радиоси фаолиятини чеклади

Бишкек Ленин туман суди ҳаками Чўлпон Каримбаева, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлигининг “Азаттиқ медиа” муассасасига нисбатан шикоятини қаноатлантирган.

27 апрел куни бўлиб ўтган сўнгги суд жараёнида “Азаттиқ” адвокатлари нутқ сўзлаб, вазирлик аризасини рад этишга чақиришган.

Суд мажлисида Қирғизистоннинг собиқ бош прокурори Аида Салянова, қатор фуқаролик жамияти вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистлар иштирок этган.

“Юз фоиз оқилона қарор қабул қилинди. Ҳар икки томон судда ўз позицияларини билдирди. Ҳақиқатан ҳам шундай маълумотлар бўлган. Лингвистик экспертиза ўтказилди. Эксперт ташаббуси асосида хулоса берилди. Маълумотлар нотўғри ва асоссиз эди. Шунинг учун ҳам шундай қарор қабул қилинди”, деган Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги вакили Бектур Ибрагимов суд қароридан кейин.

“Азаттиқ медиа” муассасаси адвокатларидан бири Темир Султонов, Ленин туман суди қарори устидан Бишкек шаҳар судига ариза беришини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, ҳакам охирги суд жараёнида келтирилган важлар ва асосларни инобатга олмаган.

26 апрел куни бўлиб ўтган суд мажлисида, “Азаттиқ”га қарши суд жараёнига асос бўлган видеоматериални лингвистик экспертизадан ўтказган мутахасис ўзига берилган саволларга аниқ жавоб бера олмаслигини айтган.

Тилшунос мутахасис Жийде Семенованинг фикрича, бу саволларга тилшунослар эмас, фақат ҳуқуқшунослар тўғри таъриф бера олади. Шу сабаб, адвокат Тимур Султонов даъвогарнинг “Азаттиқ” устидан берган шикоятини рад этишга чақирган.

“Ҳурматли ҳакам, экспертиза тайинлаётганингизда: “Ушбу видеода миллатлараро адоватни қўзғатувчи ва уруш ташвиқоти лингвистик белгилар борми?” дея иккита аниқ савол қўйилган. Тилшунос мутахассис бу саволларга аниқ жавоб бера олмади. Унинг “Бу икки саволга жавоб бермадим, чунки улар менинг ваколатларимга кирмайди” деган жавобига ҳаммамиз гувоҳ бўлдик. Шунинг учун даъво асоссиз ва рад этилиши керак. Чунки даъвогарнинг “Агар оммавий ахборот воситалари урушни тарғиб қилаётгани аниқланса, уни ёпиш керак” деган даъвосини бугунги эксперт хулосаси ва кўрсатмалари билан мустаҳкамлаб бўлмади”, деган Тимур Султонов.

Даъвогар тараф, Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ўз важларини келтирган. 24 март куни вазирлик судга лингвистик экспертиза тайинлаш илтимоси билан мурожаат қилган.

“Азаттиқ” ҳуқуқшунослари бундай экспертиза тайинланишига эътироз билдириб, вазирлик сайтни блоклашдан олдин бу масалага ойдинлик киритиши кераклигини таъкидлаб, жиноий иш қўзғатилмаганидан кейин бундай экспертиза тайинланиши қонунга зид эканини айтишган

Судлашувга сабаблар …

Жорий йилнинг 23 январ куни Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги “Азаттиқ” фаолиятини тўхтатиш талаби билан судга шикоят қилган.

Даъво аризасида “Настояше Время” халқаро телеканали томонидан, ўтган йилнинг сентябрида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган воқеа ҳақида эълон қилинган видеоматериал ўз сайтидан ўчирилмагани ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётгани қайд этилган.

Озодлик радиосининг яна бир хизмати “Настояшее время” телеканали Қирғизистон-Тожикистон чегарасида ўтган йилнинг 14-17 сентабр кунлари бўлиб ўтган қуролли можарога бағишланган видеоматериални эълон қилган. Ҳар икки томон журналистларига сўз берилиб, Озодлик радиосининг тожик хизмати ва “Настояше Время” (Қирғизистон) журналистлари қарама-қарши айбловларни илгари сурган. Видеога Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат қўмита раиси Қамчибек Ташиевнинг икки томон ўртасидаги музокаралар ҳақида билдирган изоҳлари ҳам илова қилинган.

Қирғизистон Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ўтган йилнинг 26 октябрида “Настояше Время канали Қирғизистон биринчи бўлиб ҳужум қилгани ҳақида нотўғри маълумот берган” деган важ билан материални олиб ташлашни талаб қилиб, “Азаттиқ” сайтини блоклаган.

“Азаттиқ” буни рад этиб, ушбу материалларда журналистик меъёрларга риоя қилингани ва қонунга қарши ҳеч қандай уриниш йўқлигини таъкидлаган ва Бишкек маъмурий судига вазирликнинг сайтни блоклаш ҳақидаги қарорини ноқонуний деб топиш учун мурожаат қилган.

Аввалроқ “Озод Европа/Озодлик” радиоси президенти Жейми Флай “Настояше Время” телеканалига қўйилган айбловларни рад этиб, “Қирғизистон ҳукумати қандай қадамлар ташламасин, бизга ишонган аудиторияга хизмат қилишда давом этамиз”, деган.

Бугунги кунда, “Азаттиқ” сайти ва банк ҳисобига қўйилган чекловлар бўйича суд жараёнлари ҳам давом этмоқда.

Бир қатор халқаро ва маҳаллий ташкилотлар, жамоат арбоблари, оммавий ахборот воситалари, кузатувчилар “Азаттиқнинг” банк ҳисоби ва веб-сайти блокланганини танқид қилиб, Қирғизистон ҳукуматини радио фаолиятини чеклашни бас қилишга чақирган.

Aлоқадор хабарлар

Изоҳ